Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашининг Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссияси аъзолари томонидан шаҳардаги “Имом ал-Бухорий” маҳалласида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Маҳалла ҳудудида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар, дарахтларни парвариш қилиш ва суғориш тизимлари кўздан кечирилди. Шунингдек, иқтисодий кўрсаткичларни ўрганиш доирасида солиқ тушумлари ҳолати ва қарздорликни камайтириш бўйича амалга оширилган ишлар чуқур таҳлил қилинди. Жумладан, маҳалла жамғармасига тушган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши кўриб чиқилди.

Ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳаси йўналиши бўйича ҳам йиғинда бир қатор ибратли ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўлинди. Камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимоя муҳтож фуқаролар билан ишлаш натижадорлиги комиссия аъзолари диққат марказида бўлди. Ногиронлиги бўлган фуқароларга кўрсатилаётган ёрдам ҳолати ҳам батафсил таҳлил қилиниб, ушбу масала ҳам маҳалла фаолларининг эътиборидан четда эмаслигига ишонч ҳосил қилинди.
Шунингдек, “Долзарб – 90 кун” доирасидаги ишлар ҳолати ўрганиб, ушбу йўналишдаги ишлар ҳам ижобий эканлиги, ёшлар билан ишлашда яхши натижаларга эришилаётганлиги эътироф этилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.