2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини манзилли ўрганиш, мавжуд захираларни ишга солиш ва янги иқтисодий ўсиш нуқталарини белгилашга қаратилган амалий ишлар янги босқичга чиқмоқда.
Туман ҳокими Азиз Эргашев, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бобур Исмоилов ҳамда масъул раҳбарлар иштирокида Мустақиллик, Маданият ва Узунбулоқ маҳаллаларида ўтказилган ўрганишлар “маҳаллабай” ишлаш тизимининг амалдаги ифодаси бўлди. Жойларда “маҳалла еттилиги” фаолияти, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва солиқ салоҳиятини ошириш масалалари комплекс таҳлил қилинди.

“Узунбулоқ” маҳалласида “Neo Professional” бренди остида автомобиллар учун ювиш воситалари ишлаб чиқараётган корхона фаолияти кўздан кечирилди. Маҳсулот турини диверсификация қилиш, ҳудудий бозордан республика миқёсига чиқиш, келгусида эса экспорт салоҳиятини шакллантириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Корхонани саноат кооперацияси занжирига улаш, хомашё таъминотини маҳаллийлаштириш ва рақамли ҳисоб-китоб тизимларини жорий этиш орқали қўшимча қийматни ошириш мумкинлиги қайд этилди.
Шу ҳудудда “Абердин-ангус”, “Симментал” ва “Герефорд” зотли новвослар парваришига ихтисослашган бўрдоқичилик хўжалиги ҳам ўрганилди. Лойиҳада наслдор чорвачиликни ривожлантириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва гўштни чуқур қайта ишлаш орқали кооперация занжирини яратиш имкониятлари мавжуд. Бу эса нафақат ички бозор барқарорлиги, балки келгусида экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш учун ҳам замин яратади.

Мутасаддилар томонидан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, инвестиция жалб қилиш ва лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларидан самарали фойдаланиш юзасидан аниқ таклифлар берилди.

Туманда паррандачилик соҳаси ҳам иқтисодий драйвер сифатида шаклланмоқда. “EGG Industry” корхонаси фаолиятини кенгайтириш, уни туманнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Йил якунига қадар парранда бош сонини 15 мингдан 70 мингтага етказиш режаси ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муҳими, ушбу лойиҳалар маҳалла даражасида шаклланаётган иқтисодий фаолликни тизимли инвестиция сиёсати билан боғлашни тақозо этади. Рақамли назорат ва ҳисобдорлик механизмларини кучайтириш, солиқ базасини кенгайтириш, субсидия ва имтиёзларни манзилли йўналтириш орқали ҳар бир ташаббуснинг самарадорлигини аниқ баҳолаш имкони яратилади.
2026 йилнинг мазмун-моҳияти — маҳаллани иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг таянч бўғинига айлантиришдир. Бахмалда амалга оширилаётган ушбу ишлар маҳаллий ташаббус, инвестиция ва кооперация уйғунлиги орқали барқарор ўсиш модели шаклланаётганини кўрсатади.
Натижада, туман иқтисодиётида қўшимча қиймат яратадиган, экспорт салоҳиятига эга ва янги иш ўринлари яратишга қодир лойиҳалар улуши ортиб бормоқда. Бу эса “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”нинг амалий ифодаси сифатида Бахмал тажрибасини намуна даражасига олиб чиқиши мумкин.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири