Фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларнинг суд-ҳуқуқ тизимига доир мурожаатларини ўрганиш, уларни қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш ҳамда ҳудуддаги жиноятчилик ҳолатини муҳокама қилиш мақсадида Хоразм вилоят суди томонидан Урганч шаҳрининг Истиқлол маҳалласида аҳоли билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда вилоят суди раиси Шуҳрат Камолов, Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди раиси ва судьялари, шаҳар ИИБ вакиллари ҳамда маҳалла аҳли қатнашди. Унда маърузачилар суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят, Фуқаролик, Иқтисодий процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг мазмун-моҳияти, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган суд-ҳуқуқ тизимига доир вазифаларни тушунтириб, амалиётга жорий этилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, янги қонунга кўра эндиликда судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилгани, апелляция ёки кассация инстанциясининг қарори устидан шикоят (протест) бериш масаласида суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилгани тушунтириб ўтилди.
[gallery-15771]
Шунингдек, вилоят суди раиси томонидан фуқароларнинг судга доир мурожаатлари ҳам алоҳида тартибда ўрганилиб, шу ернинг ўзида масаланинг ечими бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шу куни Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг сайёр суд мажлиси ҳам ўтказилди.
Сайёр мажлисларда кўрилган айрим ишлар ярашув билан, айримлари эса ҳуқуқбузарларга тегишли жазо тайинлаш билан якунланди.
Муҳими, барча процессуал ҳаракатлар аҳолининг кўз ўнгида ўтказилди. Бу эса фуқароларда жиноятларнинг салбий оқибати ҳақида тўғри хулоса шаклланишига ҳисса қўшади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари