Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллаларда намунали фаолият кўрсатган ёшлар етакчиси “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланади
10:03 / 2022-01-20

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизнинг ҳар бир маҳаллаларида ёшлар етакчиси лавозимлари жорий этилади.

Мазкур қарорга асосан, Етакчи “Ёшлар баланси”ни шакллантириб, маҳалладаги  ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб борилишини таъминлайди. Маҳалла ёшларининг бўш вақтини мазмунли ўтказишда кўмаклашади.

Миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, Беш муҳим ташаббус лойиҳалари, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш каби  муҳим  вазифаларни амалга оширади.

Етакчи томонидан маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш йўлга қўйилади. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига яқиндан кўмаклашилади.

Жорий  йил 1 мартдан бошлаб белгиланган тартибдаги  моддий  ёрдам турлари Етакчининг тавсияси асосида берилади.

Етакчи ёшларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш, улар фаолиятига кредит, субсидия ва бошқа ёрдам чораларини жалб қилиш бўйича маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорлик қилади.

Ҳар чоракда маҳаллада ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликка эришаётган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар Етакчилар бир ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

Шунингдек, фаолиятини самарали ташкил этаётган, ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлаётган ва уларга етакчилик қилаётган  Етакчилар “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.

ЎзА