Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллаларда комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди
15:22 / 2024-11-02

Мамлакатимизда кейинги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, хусусан, ногирон, ёлғиз яшовчи кексалар, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ҳамда ногирон болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ишларни амалга оширишда дастуриламал бўлмоқда.

Фармонга асосан, Президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Агентлик тасарруфида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари ҳамда туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилиб, бугунги кунда ана шу тизим самарали фаолият кўрсатмоқда.

Туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида маҳаллаларда комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилганлиги жойларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам кўрсатишга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтармоқда.  

2023 йилнинг 1 октябридан Андижон шаҳри ва Хўжаобод туманида, жорий йил март-июнь ойлари давомида Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ижтимоий ходимлар ўз фаолиятини бошлади. Умуман, айни кунда вилоятдаги маҳаллаларда 398 нафар ижтимоий ходим иш олиб бормоқда. Ҳар бир ходимга 2 мингтадан оила бириктирилган. Бугун улар томонидан маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга комплекс ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилмоқда.  

Ўтган қисқа давр мобайнида аксарият ижтимоий ходимлар белгиланган тоифа вакилларига хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш борасида эътиборга молик ишлар олиб бормоқда.  

Жумладан, Жалақудуқ туманидаги Деҳқонобод, Осуда ҳаёт, Қўртқи маҳаллаларига бириктирилган Дилдорахон Шамуротова ҳам самарали иш олиб бораётган ижтимоий ходимлардан биридир.  

– Менга бириктирилган Деҳқонобод, Осуда ҳаёт ва Қўртқи маҳаллаларидаги мавжуд 1 минг 476 хонадонда 7 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди Жалақудуқ тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходими Дилдорахон Шамуротова. – Ана шу маҳаллаларда яшовчи, ижтимоий реестрга киритилган 300 нафарга яқин ногирон, ижтимоий ҳимояга муҳтож, камтаъминланган фуқаролар ҳамда ёлғиз яшовчи кексалар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда, уларга белгиланган йўналишларда ёрдам кўрсатилмоқда.

[gallery-20157]

Ҳозирга қадар камтаъминланган оилаларда яшовчи 20 нафар фуқаронинг муаммолари бартараф этилди. Жумладан, 11 нафар ишсиз фуқаро қўшни маҳаллада жойлашган “Анд биллур текстил” корхонасига ишга жойлаштирилди, 4 нафарининг ўзини ўзи банд қилиш орқали бандлиги таъминланди, 5 нафарига деҳқончилик қилиш учун 15 сотихдан ер ажратилди. Ўнга яқин кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига ҳомийлик асосида уст-бош, мактаб формалари берилди.

– Шароитимиз оғир, фарзандларим билан қийналиб қолган эдик, – дейди Деҳқонобод маҳалласи, Иттифоқ кўчасида яшовчи Қизлархон Эргашева. – Менга ижтимоий ходим кўмагида субсидия асосида тикув машинаси берилди. Шу орқали энди оз бўлса-да даромад топиш имконига эга бўлдим.

Шунингдек, белгиланган бошқа йўналишларда ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, бир гуруҳ фуқароларга ёрдам пуллари, ногиронлик аравачаси, махсус ҳассалар берилди. Ногиронлигини белгилай олмаётганларнинг ногиронлиги белгиланди, даволанишга имкон қилолмаётганларга даволаниши учун моддий ёрдам кўрсатилди, тазйиққа учраган 10 нафар аёлга ҳимоя ордери берилди.

Икки нафар вояга етмаган болага васийлар бириктирилди.  

Жумладан, Осуда ҳаёт маҳалласида яшовчи Дилфузахон Юсуповага гуруҳ ногиронлиги белгиланган бўлса, пуллик хизматга муҳтож Қ.Ураимовга ассистент бириктирилди. Қўртқи маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Ҳошимжон Маҳсудовга кўзи ожизларга мўлжалланган махсус ҳасса берилди. Деҳқонобод маҳалласида яшовчи

Тўлқинбек Ғоппоровга эса даволаниш учун 1 миллион 700 минг сўм маблағ ажратилди.

– Қизим Сабина 10 ёшда, ногиронлиги сабаб юра олмайди, дейди унинг онаси, Деҳқонобод маҳалласи Иттифоқ кўчасида яшовчи

Гулнозахон Маҳмудова. – Маҳалламизда иш олиб бораётган ижтимоий ходим кўмагида қизимга ногиронлик аравачаси берилганлигидан беҳад қувондик. Бундан ташқари, ўзим ҳам маҳалла кўмагида ишга жойлашдим.  

Биз каби қийналган, ногирон фарзанди бўлган оилаларга кўрсатилаётган эътибор, кўмак учун Президентимизга, мана шундай хайрли ишга бош-қош бўлаётган барча инсонларга раҳматлар айтаман.  

Таъкидлаш жоизки, Жалақудуқ тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходими Дилдорахон Шамуротованинг саъй- ҳаракати билан унга бириктирилган маҳаллаларда ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Натижада одамларни қийнаётган қатор муаммолар бартараф этилмоқда. Бундан ташқари, ижтимоий ходим томонидан аҳолининг ижтимоий хизматлар ва ёрдамларга эҳтиёжи ўрганиб борилмоқда, фуқароларнинг ижтимоий хизматлар ҳақидаги хабардорлиги, кафолатланган ижтимоий хизматлар олишига бўлган ҳуқуқлари тушунтирилмоқда.  

Умуман, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида аҳолига комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳажми, сифати ва самарадорлиги тобора ортиб бормоқда.  

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари