Бугунги кунда табиий газ таъминотида узилишларга йўл қўймаслик, аҳолининг эҳтиёжини тўлиқ қондириш ва хизмат сифати устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада республикамизда биринчилардан бўлиб “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали томонидан вилоят ҳудуди бўйлаб татбиқ этилаётган “Автоматлаштирилган маҳалла истеъмол назорат-ҳисоб баланси”ни жорий этиш лойиҳаси ўз самарасини бермоқда.
Филиал ахборот хизмати томонидан “Табиий газ таъминотида маҳалла истеъмол назорат-балансининг жорий қилиниши. Давлатобод тумани Елхон маҳаласи мисолида” мавзусида ташкил этилган пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларга янги тизим ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Қайд этилганидек, Наманган вилояти бўйича танлаб олинган 12 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларига тортилган мавжуд ҳар хил диаметрдаги узунлиги 5421,7 километр юқори ва ўрта босимли газ тармоқларини тартибга келтириш ҳамда бўёқлаш, қолаверса, аҳоли хонадонларидаги мавжуд газ ҳисоблагич ускуналарига жами 2 минг 280 та регулятор ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бажарилган ишлар натижасида вилоятдаги 13 та маҳаллада яшовчи 7 минг 170 хонадонда табиий газ таъминоти яхшиланишига, асосийси 162,5 минг.м3 табиий газ йўқотилишининг олди олишга эришилди.

Давлатобод туманидаги “Елхон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида газ босими сўнгги йилларда магистрал тармоқлардаги пасайиш оқибатида узилишлар кўзга ташланди. Бунинг оқибатида “оғир ҳудуд” тоифасига тушиб қолган ҳудуд автоматлаштирилган газ баланси доирасида икки босқичли тизимга ўтказилди. Маҳалла бўйича ягона тармоқ ишга туширилди. Мавжуд 488 аҳоли хонадонида табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида ушбу ҳудуддаги мавжуд 18,7 километр юқори ва ўрта босимли газ тармоқлари тартибга келтирилди.

– Елхонда асосан қирғиз ва ўзбек миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилади. Маҳаллага келин бўлиб тушганимга 55 йилдан ўтди, очиғини айтишим керак, охирги етти-саккиз йилда яшаш шароитларимиз яхшиланди. Инфратузилма ривожланиб, сув, газ, электр таъминотида ижобий ўзгаришлар кўзга ташланди, – дейди “Тинчлик” кўчасида яшовчи Норсулув Қултоева. – Айниқса, ҳудудимизга юқори босимли марказий ГРП ускунаси ўрнатилгани айни муддао бўлди. Бу ёзда ҳам, қишда ҳам узлуксиз ва бир маромда газ келишини англатади. Тизим автоматлаштирилганидан кейин тўловларимиз ҳам тежалаётганидан хурсандмиз.

“Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали директорининг биринчи ўринбосари, бош муҳандис Бобуржон Абдулазизовнинг қайд этишича, Наманган шаҳридаги Олвализор, Янги Наманган, Поп туманидаги Ипак йўли, Чуст туманидаги Чустнон-дўстларобод, Тўрақўрғон туманидаги Поросмон, Наманган туманидаги Фаровон, Мингбулоқ туманидаги Чордона, Косонсой туманидаги Навбаҳор, Уйчи туманидаги Бояғон, Янгиқўрғон туманидаги Ровот, Чортоқ туманидаги Тенгдош ва Учқўрғон туманидаги Ёписхон маҳалла хонадонларида табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида жорий этилган “Автоматлаштирилган маҳалла истеъмол назорат-ҳисоб баланси” яхши самара бермоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.