Ўзбекистон Президентининг китоб мутолааси ва китобхонликни янада ривожлантириш бўйича бундан бир неча йиллар аввал қабул қилган фармойиш ва қарорлари мамлакатимизнинг барча жойларида китобга бўлган муносабатни ижобий томонга ўзгартириб юборди.
Буни Жарқўрғон туманидаги Қораянтоқ маҳалласида иш бошлаган маҳалла кутубхонаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Республика марказий банки кўмагида ташкил этилган бу зиё маскани яқиндагина очилди. Унда ўзбек адабиёти намуналари, жаҳон адабиёти дурдоналари жамланган. Жами бўлиб мингта китоб фондига эга бу маънавият ўчоғи маҳаллада яшаётганларнинг севимли маърифат масканига айланган. Кутубхонада ҳар куни китобга, бадиий асар мутолаа қилишга қизиққан ўнлаб кишиларни учратиш мумкин. Улар юзлаб бадиий ва илмий-маърифий китоблардан баҳраманд бўлишмоқда.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи Сайдулла Абдураимов маҳалла кутубхонасига ўнлаб китоблар совға қилди.
– Юртимизда китобхонликка эътибор янада яхшиланаётганидан мамнунмиз. Жамоамизда меҳнат қилаётган Ўктам Алибоевнинг ҳам китоб мутолаа қилишга қизиқиши янада ортган. Менинг ўзим ҳам ўнтага яқин роман ва қисса ўқидим. Ҳозирги пайтда вилоятимизда 724 та маҳалла фаолият кўрсатаётир. Биз бу хайрли ишни давом эттириб, йил охиригача юзтадан зиёд маҳаллада кутубхона ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу маърифат ўчоқлари қишлоқ одамларининг маънавий оламини янада бойитишда катта аҳамият касб этаётир, – дейди Сайдулла Абдураимов.
Маҳаллаларда олтмиш-етмиш ёшдан ошган китобхонлар кўпчиликни ташкил этади. Абдурашид Ортиқов, Худоёр Муҳаммадиев, Очилди Қодиров, Ўрол Худойқулов, Йўлдош Мирзаев, Жўра Раҳматуллаев, Аҳмад Жаҳонгиров, Боймурод Азимов, Тошмамат Тўраев, Яхшибой Абдуқодиров сингари ўнлаб нуронийлар кутубхоналардан деярли ҳар ҳафтада китоб олиб, ўқишаётгани мақтовга моликдир.

Бундан ташқари, Жарқўрғон туманидаги Минор маҳалласида яшайдиган фахрий ўқитувчи Жонпўлат Эрмуродов томонидан ташкил этилган кутубхона ҳам кексаю ёшларнинг севимли жойига айлангани диққатга сазовор.
Қизириқ туманидаги Истара қишлоғида истиқомат қилаётган тўқсон ёшга кирган Қарши бобо Худойқулов деярли ҳар куни бадиий асар ўқийди.
Жовли Хушбоқов,
ЎзА мухбири