Мамлакатимизда аҳолининг, айниқса, қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод маҳалла – обод хонадон – обод кўча" дастури ана шу йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Андижон вилоятида жорий йилда танлаб олинган 4 та – Асака туманидаги Эргашобод, Олтинкўл туманидаги Интизом, Хўжаобод туманидаги Янги ҳаёт ҳамда Шаҳрихон туманидаги Оқ олтин маҳаллаларида “Обод маҳалла – обод хонадон – обод кўча" дастури доирасида қурилиш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ҳамда аҳоли муаммоларини бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Танлаб олинган маҳаллаларда тузилган ишчи гуруҳлар томонидан маҳаллалардаги хонадонлар ўрганилиб, хатловдан ўтказилди. Ўрганиш якунлари бўйича маҳалла ва хонадонлар тоифаларга ажратилиб, одамларни қийнаётган масала ва муаммоларни бартараф этиш, хусусан, йўллар ҳолатини, ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.
[gallery-15987]
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан мазкур маҳаллаларда аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда мазкур маҳаллаларда жами 56,8 километр узунликдаги газ қувури, 12 та газ тақсимлаш қурилмаси мавжуд. Дастур доирасида газ қувурларининг 7,3 километр қисмини таъмирлаш, 13,9 километр қисмини бўяш ва 10 та газ тақсимлаш қурилмасини жорий таъмирлаш ва техник тафтишдан ўтказиш белгиланган.
Шу кунларда бу борадаги ишлар қизғин олиб борилмоқда. Айни кунга қадар Эргашобод маҳалласида 1,4 километр газ қувури, Интизом маҳалласида 1,86 километр узунликдаги газ қувури, 2 дона газ тақсимлаш қурилмаси, Янги ҳаёт маҳалласида 2,27 километр газ қувури, 1 дона газ тақсимлаш қурилмаси, шунингдек, Оқ олтин маҳалласида 1,60 километр газ қувури ва 1 дона газ тақсимлаш қурилмаси жорий таъмирланиб, техник тафтишдан ўтказилди. Юқоридаги маҳаллаларда жами 7,9 километр узунликдаги газ қувури бўёқланди.
Бундан ташқари, маҳаллалардаги табиий газ кириб борган хонадонларнинг барчаси “Ақлли газ ҳисоблагич”лар билан таъминланди. Бугунги кунда белгиланган ишлар “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ишчи ва мутахассислари томонидан режа асосида давом эттирилмоқда. Мазкур ишлар амалга оширилиши билан маҳаллаларда газ таъминоти янада яхшиланади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари