Тошкент вилояти маҳаллаларида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш, даромадини кўпайтириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Таҳлилларга кўра, ҳозир ҳудуд бўйича жами 1 минг 25 та маҳаллада ишсизлар сони 8 минг 152 нафарни, камбағал оилалар эса, 68 минг 200 тани ташкил этади. Бироқ жорий йил бошида бу кўрсаткичлар ўн баробар юқори эди. Маҳаллалардаги ҳолатни ўрганиш натижасида мавжуд муаммо ва камчиликлар тизимли равишда бартараф этилмоқда.
Биринчи навбатда “Маҳаллабай” ишлар ташкил этилиб, қишлоқ жойларида аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш ва даромадини ошириш чоралари кўрилмоқда. Бу жараёнда “Сайхунобод”, “Уйчи”, “Зарбдор” ва “Ғиждувон” тажрибалардан унумли фойдаланилмоқда. Хусусан, Оққўрғон туманида ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Биргина “Хонобод” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳозир 787 та хонадон, 1 минг 100 та оила мавжуд. Ҳудуднинг асосий драйвери-деҳқончилик, чорвачилик ҳисобланади. Ўтган даврда бу маҳаллада камбағалликни қисқартириш, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича маҳалла еттилиги ҳамжиҳатликда кўплаб чора-тадбирларни самарали ташкил этди.
Масалан, Зулайҳо опа Абдураҳмонова автоҳалокат туфайли турмуш ўртоғидан жуда эрта айрилди. Лекин у тушкунликка тушмай, ўз оиласи даромадини ошириш учун хонадонида бор шароитлар асосида тадбиркорлик ишини ташкил қилди.
– Икки нафар ўғлим бор, – дейди З.Абдураҳмонова. – Бири биринчи гуруҳ ногирони, келиним ҳам иккинчи гуруҳ ногирони. Маҳалла еттилиги келиб, шароитимизни ўрганди. Паррандачиликка қизиқишим борлигини билиб улар бизга 40 бош товуқ олиб берди. Мана уларни яхши парвариш қилиб кунига камида 25-30 та тухум оламиз ва ўртача 800-1100 сўмдан сотаман. Келгусида фаолиятимни янада кенгайтирмоқчиман.
Шунингдек, бу маҳаллада яшовчи Беҳзод Раимов ҳам билаги меҳнатда қотган йигитлардан. Олти ой илгари маҳалла еттилигининг хонадонбай ўрганишлари чоғида иссиқхона қуриш истаги борлигини, бунинг учун моддий имконияти етарли эмаслигини билдирган эди. Шундан сўнг, унинг шароити ўрганилиб, ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан банкдан 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб берилди. Натижа эса чакки бўлгани йўқ. У уч сотихли иссиқхонасига қулупнай экиб, унинг ҳосилидан 60 миллион сўм даромад қилишга эришди. Ҳосилдан келган даромадга чорва сотиб олиб кўпайтирди. Ҳовли четида парранда боқиб ва асаларичилик фаолиятини ҳам йўлга қўйди.
– Келаси йили насиб қилса, 100 миллион сўм даромад қилишни мўлжал қилганман, – дейди ёш тадбиркор Б.Раимов, – Оиламиз ишли бўлди. Энди ҳаракатдан тўхтамаймиз. Бизга берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, тадбиркорлик лойиҳаларимизни кенгайтириш эвазига янги иш ўринларини ҳам яратишни мақсад қилганмиз.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур маҳаллада камбағалликни қисқартириш бўйича 35 та оила вилоят ташкилотларига бириктирилган. Уларнинг ҳар бири билан манзилли ишлаш чоралари кўрилган. Жойлардаги ўрганишлар чоғида шу вақтгача 410 нафар ишсиз фуқаролар аниқланган бўлса, бириктирилган ташкилотлар кўмаги ҳамда маҳалла еттилиги томонидан уларнинг 406 нафарининг бандлиги таъминланган. Шулардан ҳозирда 367 нафари ўз ўзини банд қилиб, даромад манбаига эга бўлаётган бўлса, қолган 39 нафари доимий ишга жойлаштирилган.
Биргина, маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси томонидан 21 нафар фуқарога имтиёзли кредит олишга кўмак берилган. 6 нафар хотин-қизларга субсидия асосида тикув машинаси ажратилган. Шу билан бирга, вилоят прокуратураси, солиқ бошқармаси томонидан камбағал оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.
Келгуси йилда ҳам туман масъуллари жойларда иссиқхона, паррандачилик, сабзавотчилик асаларичилик каби кўплаб тармоқ хўжаликларига ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб этиш орқали бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.
Айниқса, чакана савдо ва умумий овқатланиш, автотранспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникаларни таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини ривожлантириш бўйича ҳам кенг қамровли ишлар олиб бориш режалаштирилган.
А.Мусаев,ЎзА.