Тошкент вилоятида жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш, профилактика ишлари самарадорлиги ҳамда жиноятчиликка қарши кенг жамоатчилик билан бирга курашиш мақсадида 2026 йил январь ойи якунлари бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков ҳудуд аҳолисига қилган мурожаатида атрофлича маълумот берди.
Унга кўра, бу йил январь ойида вилоят бўйлаб олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,7 фоизга камайди. Албатта, ушбу кўрсатгич, жамиятдаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаган фаол фуқароларнинг кўмаги, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган кенг кўламли профилактика ишлари, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг туну кун олиб борган хизмат фаолияти натижасидир.

Шу даврда қотиллик жинояти бирорта шаҳар ёки туманда содир этилмади, оғир тан жароҳати етказиш ҳолатлари 84,6 фоизга камайди. Бундан ташқари, ўғирлик 26,5 фоизга, фирибгарлик 6,7 фоизга, босқинчилик ва талончилик жиноятлари 50 фоизга камайгани кузатилди. Шундай бўлса ҳам айрим йўналишларда жиддий эътибор талаб этилмоқда. Ой давомида ахборот технологиялари соҳасида содир этилган жиноятлар 452 тани ташкил этди.

Яъни қайд этилган жиноятларнинг салмоқли қисми кибермаконда содир этилмоқда. Шу боис фуқароларнинг киберхавфсизлик маданиятини ошириш бугунги кунда долзарб вазифадир.
Ўтган бир ой давомида Тошкент вилоятидаги 883 та маҳалланинг 48 тасида вазият барқарор бўлса, 94,6 фоизида жиноят содир этилмади ва хавфсиз ҳудуд сифатида қайд этилди.

Ноаниқ шароитда содир этилган жиноятларнинг 88,4 фоизи фош этилди, қилмишга яраша жазонинг муқаррарлиги таъминланиб, қидирувда бўлган 66 нафар шахс ушланди. Айни вақтда мавжуд вазият доимий назоратда бўлиб, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кучайтирилган тартибда давом эттирилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА