Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллалар ёшлари cтритболда куч синашди
15:16 / 2024-10-18

Сирдарёда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида маҳаллалар ёшлари ўртасида спортнинг стритбол тури бўйича мусобақаларнинг вилоят босқичи баҳслари ўтказилди. Унда шаҳар ва туманлар босқичларида ғолибликни қўлга киритган маҳаллалар жамоалари ўзаро беллашди.

– Маҳалла ёшлари ўртасида нафақат стритбол, балки минифутбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат-шашка, стол тенниси, воркаут каби спортнинг бир қанча тури бўйича мусобақа ўтказяпмиз, – дейди вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов. – Спортнинг ушбу турларини оммалаштириш, иштирокчи ёшлар сонини ошириш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш масаласи Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 67-мақсадида ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, жисмоний тарбия билан шуғулланадиган аҳоли сонини 2026 йилгача 33 фоизга етказиш, ёшлар ўртасида миллий спорт турларини омаллаштириш каби мақсад ва вазифалар белгилаб берилган.

Стритбол бўйича мусобақаларнинг қуйи босқичларида сараланган 11 жамоа вилоят босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритди. Навбатдаги қизғин ва муросасиз баҳсларда улар ўзаро куч синашиб, спортдаги маҳоратини намойиш этди.  

16-21 ёшли ўғил болалар ўртасида ўтказилган беллашувларда Гулистон туманининг Ҳамид Олимжон маҳалласи жамоаси ғолиб бўлди. Ушбу ёш тоифасидаги қизлар баҳсида Ховос туманининг Ўзбекистон тўкинчилиги маҳалласи ёшлари биринчи ўринни эгаллади. 22-30 ёшли ўғил болалар ўртасидаги беллашувларда ҳам биринчи ўрин Гулистон туманининг Ҳамид Олимжон маҳалласи йигитларига насиб этди. Қизлар ўртасидаги мусобақада эса Сирдарё туманининг Ҳикматли маҳалласи жамоаси ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Якунда ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан кубок, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

Ғулом Примов, ЎзА мухбири