Президент фармони билан 2026 йил мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ва янгиланиш ишларига янгича суръат бағишлаётир.
Шу асосда Жиззах вилоятида аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш, шаҳарсозлик маданиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган салмоқли лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Жорий йилда вилоятда жами 4400 хонадондан иборат 123 та кўп қаватли тураржой қурилиши кўзда тутилмоқда. Мазкур лойиҳалар Зафаробод ва Ғаллаорол туманлари ҳамда бошқа ҳудудлардаги 24 та маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилиб, маҳаллаларнинг меъморий қиёфаси ва яшаш муҳити тубдан янгиланади.
Қурилиш ишларига 250 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган бўлиб, бу нафақат янги уй-жойлар барпо этилишини, балки муҳандислик-коммуникация тармоқлари, йўллар, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасининг комплекс ривожланишини ҳам таъминлайди. Барча ишлар “Янги Ўзбекистон” тамойиллари асосида амалга оширилиб, аҳоли учун қулай, хавфсиз ва обод яшаш муҳитини яратишга қаратилган.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрда қабул қилинган “Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида туманда кенг қамровли ўзгаришлар бошлаб юборилди.
Хусусан, “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 168 хонадондан иборат тўртта етти қаватли тураржой қурилиши режалаштирилган. Уйларнинг биринчи қаватларида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш орқали аҳолига қўшимча қулайликлар яратилиши ҳамда янги иш ўринлари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.
Умуман олганда, Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ушбу бунёдкорлик ишлари шаҳар ва қишлоқ маҳаллаларининг қиёфасини янгилаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ҳудудларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга мустаҳкам замин яратмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири