Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллалар янада обод бўлади
16:44 / 2022-11-10

Президентимизнинг “2022-2023 йилларда маҳаллаларнинг инфратузилмасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тузилган Республика иши гуруҳи Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида бўлиб, жойлардаги муаммоларни ўрганди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан манзилли дастур ишлаб чиқилган.

Ушбу дастур асосида вилоятдаги 473 та маҳаллада умумий қиймати 581 миллиард сўмга тенг 527 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Булоқбоши туманидаги 18 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 19 та лойиҳани амалга ошириш учун 16 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобидан маҳаллалардаги кўчалар асфальтланади, электр энергияси ҳамда ичимлик суви тармоқларини тортиш, таъмирлаш, сув қудуқларини ўрнатиш, маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино қуриш, мактаблар иситиш тизимини таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Маҳаллаларда нуронийлар, аҳоли ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида лойиҳа доирасидаги ишларни бошлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтмоқда.

Булоқбоши қишлоғида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда аҳоли Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юрт тинчлиги ва осойишталиги, халқ турмуш фаровонлигини ошириш йўлида қилинаётган бунёдкорлик ишларидан миннатдор эканлигини билдирди.  

– Очиғи, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, бу каби бунёдкорлик ишларини рўёбга чиқариш одамларнинг кўп йиллик орзулари эди, – дейди меҳнат фахрийси Маҳмуджон Ибаев. – Авваллари битта кўчани асфальтлаш учун қанча оворагарчиликлар бўлар, қанча тўсиқлардан ўтиш керак эди. Шукрки, бугун давлатимиз томонидан одамларнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётини яхшилашга эътибор кучайди, мавжуд муаммоларни бартараф этишга катта миқдорда маблағ ажратилмоқда. Бу ишлар албатта, барчамизни қувонтиради. Мана шундай хайрли ишларимиз бардавом бўлсин.  

Белгиланган лойиҳалар доирасида яқин вақт ичида булоқбошиликларни қийнаб келаётган 19 та муаммо бартараф этилади.  

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА.