Қарор ва ижро
Бухорода жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида вилоят ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чоралари, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликни камайтириш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш масалалари кенг муҳокама қилинди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат идоралари, тегишли бошқармалар раҳбарлари ҳамда “маҳалла еттилиги” вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни вилоят ҳокими Ботир Зарипов олиб борди.
Дастлаб, Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳудудларда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотлар тингланди.
Йиғилишда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Икромжон Турсунов 2025 йилнинг ўн ойи давомида жиноятчилик ҳолати, жиноятларнинг хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил ахборот берди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида вилоятда ўтган йилга нисбатан оғир ва ўта оғир жиноятлар сони камайганлиги, 312 та (60 фоиз) маҳаллаларда умуман жиноят содир этилмаганлиги, яна 174 та (34 фоиз) маҳаллаларда жиноятлар сони камайганлги таъкидланди.
Йиғилишда, айниқса, аёллар ва ёшлар ўртасидаги жиноятчилик, вояга етмаганлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликлар ҳамда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолатлар бўйича танқидий таҳлиллар ўтказилди. Айрим туман ва шаҳар раҳбарларининг бу борадаги сусткашлиги, масалага фақат ҳисобот учун ёндашаётганлги кескин танқид қилинди.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ёшлар билан тизимли ишлаш, “маҳалла еттилиги” фаолиятини кучайтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлашда масъуллар ўртасида аниқ ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилиш якунида, масъулларга жиноятчиликни камайтириш, ижтимоий профилактика тизимини кучайтириш, аёллар ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича аниқ топшириқлар берилди ҳамда уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.
Зариф Комилов, ЎзА