Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллалар қиёфаси янгиланмоқда
15:56 / 2023-10-03

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан олиб борилаётган, “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” дастурлари мезонларини жорий қилиш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича кенг кўламдаги амалий ишлар Фарғона вилояти ҳудудларида ҳам жадаллик билан давом этмоқда. Ҳозирги кунда дастур асосида Қўштепа тумани “Шомирза”, Риштон тумани “Пандигон”, Қува тумани “Қорақум”, Фурқат тумани “Чиркай” маҳалла фуқаролар йиғинларида бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Қуйи бўғиндаги муаммо ечим топса, аҳоли ҳам рози бўлади. Айниқса, маҳалланинг ободлиги, фаровонлиги кўп жиҳатдан шунга боғлиқ. Шу боис ҳам дастурга тушган ҳар бир маҳаллада хонадонма-хонадон ўрганишлар амалга оширилиб, ҳудудда йўл, электр-энергияси, ичимлик суви, ободонлаштириш ишлари, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва бандлик, ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш каби масалаларни ҳал этишга киришилди. 

Риштон туманидаги Пандигон маҳалласида хайрли ишлар қизғин давом этмоқда. Бугунги кунда мазкур маҳалладаги 755 та хонадонда 4 минг 150 нафар аҳоли истиқомат қилади. Дастлаб, маҳалладаги барча хонадонларда хатлов амалга оширилиб, тегишли ташкилотлар томонидан хонадонма-хонадон юрилиб, аҳоли муаммолари реал ўрганилди.

Шундан сўнг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга уйларини таъмирлаш учун қурилиш материаллари олиб берилди. Беш юздан ортиқ хонадонда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, атроф чиқиндилардан тозаланди. Маҳалладаги 3 минг 800 метр табиий газ тармоқлари янгиланди. 7,4 километр ичимлик суви тармоғи тортиш режалаштирилган бўлиб, ҳозир 4,4 километр қисми тортилди. 12 километрга яқин ички йўлларни асфальтлаштириш ишлари бошланди. 14-сонли мактабгача таълим ташкилотида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маҳсудали Маҳкамовнинг айтишича, бу ерда яшовчи аҳоли асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланади. Айни кунларда оилавий тадбиркорлар сонини кўпайтириш, аҳолининг бандлигини таъминлашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Бу мақсадда фуқароларга кредитлар, субсидиялар ажратилмоқда. Янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилмоқда. 

Қўштепа туманидаги “Шомирза” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам кун сайин янги қиёфага кирмоқда. 904 та хонадонда ўрганиш ишлари олиб борилиб, аниқланган муаммолар ечим топмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тегишли ишчи гуруҳ ташкил қилиниб хонадонларда ўрганишлар олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 4 километрдан ортиқ ички йўллар асфальт қилинди. Ичимлик суви, электр энергияси бўйича ишлар жадал давом этмоқда. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг кўмагида 26 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.

М.Сулаймонов, ЎзА