Ховос тумани Оқчангал, Сайхунобод тумани Янги ҳаёт, Оқолтин тумани Мустақиллик ҳамда Гулистон тумани Иноқлик маҳаллаларида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этишга қаратилган “йўл харита”си ишлаб чиқилди.
Ижросини тез ва сифатли таъминлаш учун Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, соҳа вакиллари, сектор раҳбарлари, маҳалладаги “бешлик”дан иборат Республика ва вилоят ишчи гуруҳи тузилиб, вилоят штаби ташкил этилди. Бу жараёнда аҳоли турмуш даражасини ошириш, уларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратишга қаратилган комплекс ёндашув асосида бир ой давомида улкан ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.
[gallery-13562]
Мазкур маҳаллалар қиёфаси тубдан янгиланади. Бунда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кўмакка муҳтож аҳоли қатламини ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари ҳам ишчи гуруҳнинг алоҳида эътиборида бўлади.
Сирдарё вилояти ҳокими, сенатор Акмалжон Маҳмудалиев Оқчангал ва Янги ҳаёт маҳаллаларига бориб, фаоллар билан мулоқотда бўлди. Аҳолидан келиб тушган мурожаатлар, уйма-уй юриб ўрганишлар асосида аниқланган қатор муаммолар юзасидан масъулларга қўшимча топшириқлар берилди.
Ш.Суяров,Ш. Ортиқбоев,(суратлар), ЎзА мухбирлари