Тошкент вилояти бўйлаб хавфсиз муҳит яратиш мақсадида барча раҳбарлар вилоятнинг “қизил” тоифадаги маҳаллаларига бириктирилган бўлиб, ҳудудда криминоген вазиятни яхшилаш борасида аниқ режа асосида ишлар ташкил қилинмоқда.
Хусусан, жойларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва хавфсиз муҳит яратиш мақсадида ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Ортиқ Худойбергенов Зангиота туманидаги “қизил” тоифага кирган маҳаллаларда ўрганиш ишларини олиб борди. Жараёнда ички ишлар органлари ва маҳалла еттилигининг иши таҳлил қилиниб, амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Ҳозирда, туманда криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида ички ишлар органлари, маҳалла еттилиги ва маҳаллий ҳокимиятлар ҳамкорлигида комплекс чоралар амалга оширилмоқда. Жиноятчилик ва ижтимоий муаммоларнинг олдини олиш учун зарур йўналишлар белгиланган. Маҳаллада ичкиликка берилган, гиёҳвандликка мойил ва руҳий касалликларга чалинган шахсларни даволаш ва реабилитация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, “Рақамли хавфсиз маҳалла” лойиҳаси доирасида хавфсизлик тизими модернизация қилиниб, жиноятларга оид маълумотларни тезкор таҳлил қилиш имконияти яратилмоқда. Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар кучайтирилиб, жойларда хавфсиз муҳит яратишга эътибор қаратилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.