Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятчиликни жиловлаш ва маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш бўйича белгилаган вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразақов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент ҳамда Қибрай туманида ўрганиш ишларини олиб борди.
Жараёнда ички ишлар бўлимлари шахсий таркибининг амалга ошираётган тунги хизмат фаолияти, ҳудудларда қўлланилаётган хавфсизлик чораларининг самарадорлиги ва уларнинг натижалари тизимли равишда ўрганилди. Хусусан, тунда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш мақсадида тегишли тартибда хизматни ташкил этиш ҳолати назоратдан ўтказилди.

Тошкент туманида 29-сонли маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани фаолияти ҳамда Гултепа маҳалласида жойлашган “Қоплонбек” божхона чегара постидаги ИИО хизмат жараёнлари кўздан кечирилди. Ушбу масканларда хизмат қилаётган ходимларнинг тайёргарлиги, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чоралар, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилаётган ташкилий ишлар текширилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ Қибрай туманида фаолиятни ўрганишни давом эттирди. Туман ИИБ фаолияти ҳамда 7-сонли маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани шароитлари, хизматга жалб қилинган шахсий таркибнинг тайёргарлиги ва мавжуд куч ҳамда воситаларнинг тезкор вазиятни барқарор сақлашдаги роли баҳоланди.

Жараён давомида жиноятчилик кўп қайд этилаётган ҳудудларда амалга оширилаётган “ижтимоий ҳамкорлик” ишлари, хонадонлар ва жамоат жойларида видеокузатув қамровини кенгайтириш масалалари ҳам ўрганилди. Ўрганиш якунида аниқланган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш, хизмат самарадорлигини ошириш ва аҳолининг осуда ҳаётини таъминлаш мақсадида масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Таҳлилларга кўра, Тошкент вилоятида ИИББ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар натижасида турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олди олиниши ва фош этилишига эришилди.

Хусусан, патруль-пост хизмати ходимлари иштирокида жами 294 та, шахсан улар томонидан 189 та жиноят фош этилган бўлса, 136 та ҳолатда турли жиноятнинг олди олинган.

Шу каби ППХ ходимлари иштирокида 188 нафар ва шахсан улар томонидан 115 нафар қидирувда бўлган шахс аниқланиб, ушланган, 40 нафар бедарак йўқолган шахс топилган. Шунингдек, 1 минг 573 нафар иш ва яшаш жойи ноаниқ бўлган шахс реабилитация марказларига жойлаштирилган.
Вилоятда ўтказилган “Тиғ” махсус-профилактик тадбири давомида ППХ ходимлари томонидан 7 минг 909 та ўткир тиғли жисмлар муомаладан олинган бўлса, уларнинг 6 минг 774 таси пичоқ, 78 таси кастет, 33 таси бита ва 1 минг 24 таси бошқа кўринишдаги хавфли бўлган ўткир тиғли жисмлар ташкил қилган. Барча аниқланган ҳолатлар юзасидан қонуний чора кўрилган.
А.Мусаев, ЎзА.