Бу ҳақда Давлат кадастрлари палатаси Республика топонимика бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Жасанов маълум қилди.

Мутахассис қайд этганидек, маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш ҳамда чегараларини белгилаш ва ўзгартириш жараёни қатъий қонунчиликка асосланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 мартдаги 48‑сон қарори ва фуқаролар йиғини кенгашлари таклифлари асосида Халқ депутатлари вилоятлар ёки Тошкент шаҳар кенгашлари қарорлари билан амалга оширилади.
Маҳалла номлари фуқароларнинг ташаббуслари, маҳаллаларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда корхоналар ва муассасалар илтимослари асосида белгиланади. Кадастр агентлиги номларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлигини давлат экспертизаси орқали текширади ва тегишли хулосалар асосида Халқ депутатлари кенгашларига киритади.
Барча жараёнлар, жумладан маҳаллалар чегаралари ва номларига оид масалалар, туман (шаҳар) ҳокими ва идоралараро доимий комиссия назоратида амалга оширилади. Улар таклифларни жойига чиқиб ўрганиб, қаноатлантириш ёки қаноатлантирмаслик тўғрисида хулоса тузади ва юқори кенгашларга киритади.
Ҳозирда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва Кадастр агентлиги ҳамкорлигида 9 008 та маҳалла чегаралари хатловдан ўтказилган ва уларнинг геоахборот базаси шакллантирилган. Шу билан бирга, 1 974 та маҳалланинг номлари давлат экспертизасидан ўтказилган ва Халқ депутатлари кенгашлари қарорлари асосида расмий равишда ўзгартирилган.
Ушбу жараён маҳаллалар фаолиятини тартибга солиш, чегараларни аниқлаш ва маълумотларни геоахборот тизими орқали электронлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Маҳаллалар номлари ва чегараларини янгилаш, фуқаролар ташаббуслари билан бирга, маҳалла фаолиятини янада шаффоф ва самарали ташкил этиш имконини беради.
Ш.Маматуропова, ЎзА