Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллалар моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда
17:39 / 2023-09-28

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ҳамда Навбаҳор туман бўлинмаси томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида тумандаги “Сарбозор”, “Навкар”, “Қизилтепа”, “Юқори Бешработ” МФЙларга компьютер ва “Навкар” МФЙга мебель жамланмалари топширилди.

Дастлаб “Сарбозор” маҳалла фуқаролар йиғинида фаоллар, нуронийлар ва ёшлар иштирок этган тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 сентябрь куни маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар хусусида сўз юритилди. 

Таъкидланганидек, мамлакатимизда барча ижтимоий-иқтисодий дастурлар аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда. Бунинг учун маҳаллаларга кўплаб ваколатлар, ташкилий ва молиявий имкониятлар берилаяпти.

–- Энди барча маҳаллаларда “маҳалла еттилиги” фаолияти йўлга қўйилиб, эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масалалар туман ва вилоят идораларига чиқмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилинади, – деди Фонднинг вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев. – Шунингдек, Бандлик, Тадбиркорлик ва Касаначилик жамғармалари маблағлари ҳар бир маҳаллага тақсимлаб берилади. Маҳаллада қулай ва электрон иш юритиш йўлга қўйилади. Амалдаги учта платформа – “Онлайн маҳалла”, “Хотин-қизлар”, “Ёшлар портали” ўзаро интеграция қилиниб, ягона тизимда мужассамлаштирилади. “Маҳалла еттилиги” ишини мувофиқлаштиришда маҳалла раисларининг ваколатлари кенгайтирилади. 

“Сарбозор” МФЙ 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, шу кунга қадар маҳалла фаоллари эски бинода фаолият олиб боришган. Бугунги кунда маҳаллада 2561 нафар аҳоли истиқомат қилади. Юртимизда маҳалла фуқаролар йиғинларига берилаётган эътибор натижасида жорий йилнинг июнь ойида 750 миллион сўм маблағ сарфланиб, маҳалла учун янги бино қурилди. 

Учрашув сўнггида маҳаллада яшовчи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд 8 нафар аҳоли хонадонларига борилди. Уларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навбаҳор туман бўлинмаси томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва фонднинг эсдалик совғалари топширилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири.