Шу кунларда Республика ишчи гуруҳи мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Бўка туманидаги Навобод ва Қўлдоштепа маҳаллалари инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектлари фаолиятини самарали ташкил этиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари П.Бобожонов ҳудудда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ижроси билан танишди. Туман ҳокимлигида Президент маслаҳатчиси Ғ.Мирзаевнинг 2025 йил 29 сентябрь куни тасдиқланган тегишли баёни – Бўка туманидаги тизимли муаммоларни ҳал этиш, Қўлдоштепа ва Навобод маҳаллалари инфратузилмасини яхшилаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича топшириқлар ижроси муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур жойларда штаблар ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Бу орқали инфратузилмани ривожлантириш, ижтимоий объектлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш, бўш турган бинолардан фойдаланиш, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Йиғилишда Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда вилоят бошқармалари раҳбарлари иштирок этди.

Шундан сўнг барча масъуллар маҳаллаларда бўлиб, жойлардаги ислоҳотлар ижроси, аҳолининг эҳтиёж ва муаммоларини ўрганди. Маҳалла фаоллари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар билан суҳбат ўтказилди. Аҳоли вакиллари давлат раҳбари томонидан кўрсатилаётган эътибор ва амалий ёрдам учун миннатдорлик билдирди.

Ўз навбатида маҳалла аҳолиси иштирокида ҳашар ташкил этилмоқда. Кўчаларни ободонлаштириш, ичимлик суви тармоғини тортиш, эски симёғоч устунларни темир-бетон устунларга алмаштириш, уйлар атрофини тартибга келтириш, тўсиқлар билан ўраш, пиёдалар йўлакчаларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

– “Обод маҳаллам учун” шиори остида кенг кўламли ҳашар тадбирида биз ҳам фаол қатнашяпмиз. Мазкур эзгу ташаббус доирасида фаол ёшлар ва волонтёрлар иштирокида боқувчисиз, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинди. Уларнинг уй-рўзғор юмушларида кўмаклашилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар орқали инсоний қадриятларни улуғлаш, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик руҳини мустаҳкамлашга ҳам катта ҳисса қўшмоқдамиз, – дейди Тошкент вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Нодир Хожиев.

Шу билан бирга, Тошкент вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси ва Савдо-саноат палатаси мутахассислари ҳудуддаги 20-мактаб битирувчи синф ўқувчилари билан учрашди. Эркин мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган касб-ҳунарлар ҳақида фикр билдирди. Эндиликда битирувчилар бандлигини таъминлаш мақсадида мактабда тўқувчилик, тикувчилик ва санитар-техниклик йўналишда ўқув курслари ташкил этилади. Мулоқот давомида Ёшлар ишлари агентлиги лойиҳалари тарғиботи ҳам ўтказилди.
А.Мусаев, ЎзА.