Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланмоқда
18:35 / 2023-05-16

Тошкент вилояти маҳаллаларида инфратузилма билан боғлиқ ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу йил Тошкент вилоятининг 964 манзили обод бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги «2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида мазкур мақсадлар учун бюджетдан 1 триллион 57,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.  

Ушбу молиявий манба ҳисобидан аҳолининг турмуш тарзига бевосита таъсир қилувчи муаммоларнинг асосий қисми ҳал этилмоқда. Ҳудудларнинг қиёфаси тубдан ўзгармоқда.  

Қарорга кўра, Қибрай туманидаги 42 маҳаллада 53 лойиҳа бўйича қурилиш таъмирлаш ишлари кўзда тутилган. Бунинг учун 48,5 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Бугунги кунга келиб, мана шу манзилларнинг аксарият қисмида бунёдкорлик ишлари якунига етказилди. Иншоотлар фойдаланишга топширилмоқда.

Қибрай тумани миқёсида асосий мурожаатлар коммунал соҳадан иборат. Туманнинг 12 та оғир ҳудудидаги муаммолар ҳал этилмоқда. Жумладан, “Қипчоқ” маҳалласига сув ўтказиб берилди. “Ифтихор”, “Ғафур Ғулом”, “Беруний” маҳаллаларида канализация масаласи ҳал қилинди. Эски сим ёғочлар ўрнига, бетон столбалар қўйилди, трансформаторлар алмаштирилди.  

Ўтган йиллар давомида таъмирталаб ҳолга келган “Юқориюз” маҳалласидаги мактабгача таълим ташкилоти дастур асосида тўлиқ реконструкциядан чиқарилди. Боғчада болаларнинг мароқли дам олишлари, ўйнашлари тоза ҳавода сайр қилишлари, машғулотлар ўтказишлари учун барча қулайликлар яратилди.  

Туман коммунал хизмат кўрсатиш тизимида ҳам куз-қиш мавсумига ҳозирданоқ тайёргарлик кўрилмоқда. Қибрай тумани иссиқлик манбаи хонасига қарашли қозонхона таъмирланди. Бюджет маблағидан муддатини ўтаган, эски жиҳозлар, қозонхоналар янгисига алмаштирилди. Узатиш қувурлари ўралди. Бунинг натижасида газ сарфи камаяди, иссиқ сув ва иссиқлик қуввати таъминланиши сифати яхшиланади.  

Ҳудудларда бўлаётган бундай ўзгаришлар, янгиланишлар фуқароларнинг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиб, уларнинг эртанги кунга нисбатан ишончини мустаҳкамламоқда.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА