Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги “Кимёгар” маҳалла фуқаролар йиғини бугун обод манзиллардан бирига айланмоқда. Ҳудудда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг суръати анча тез.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳудудларда мана шундай хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланиб, ички йўллар, ижтимоий соҳа объектлари таъмирланмоқда.

Кимёгар маҳалласида 1 минг 150 га яқин хонадонда қарийб 7 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд аҳли юртимизда рўй бераётган янгиланишларнинг бир тўлқинини ўз маҳаллаларида ҳам кўраётганидан мамнун. Маҳалла ҳудудидаги уч километрлик ички йўл босқичма-босқич асфалтлаштирилмоқда. Йўл четида бир километрлик пиёдалар йўлакчаси ҳам қурилмоқда.

– Яшаш учун қулайликлар ортаётганидан одамлар жуда мамнун, – дейди маҳалла раиси Гулсум Хуррамова. – Биласизми, инсон қаерда яшамасин, ўз ҳаётини яхшилаш пайида бўлади. Яқинда маҳалла аҳли билан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб бўлган эдик. Буни маҳалламиздаги ҳамжиҳатликнинг бир нишонаси дейишимиз мумкин. Ички йўлларимизнинг асфалтланиши ҳам яшаш учун қулайлик яратишга қаратилган иш саналади. Бу ўзгаришларни Ватанимиз мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрами олдидан биз учун катта совға десак бўлади.
Бугун ҳудудларда мана шундай бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари давом этаётгани қувонарли.
Ўткир АЛИМОВ, ЎзА