Ўзсаноатқурилишбанк фаолиятининг ислоҳотлардаги ифодаси
Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида инсон, унинг манфаатлари, қадр-қиммати ва фаровон ҳаёти мужассам. Айниқса, 2024 йил 16 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кўпайтириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу стратегик вазифалар, шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг амалдаги ижросини самарали ташкил этиш мақсадида Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ҳудудларда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Маҳалла банкири – халқ ичида, халқ билан
Ҳозирда банк томонидан 712 та маҳаллага 201 нафар “маҳалла банкири” ва 712 нафар “ёрдамчи-агент” бириктирилган. Уларнинг вазифаси – фуқароларнинг бизнес ташаббусларини ўрганиш, молиявий ечим таклиф этиш ва амалий кўмак кўрсатишдан иборат. Ана шу механизм туфайли жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, 121,1 минг фуқаро даромадли меҳнатга жалб қилинди. Шундан 39,7 минг нафари доимий иш билан таъминланди, 81,4 минг киши эса тадбиркорликка қадам қўйди.
Иқтисодий дастурлар самараси
Сайхунобод тажрибаси асосида маҳаллаларда жорий этилган 14 255 та микролойиҳа натижасида 29,3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Банк танлаб олган 7 120 та хонадонга 133,9 млрд сўмлик лойиҳа пакетлари етказиб берилди. Бу орқали айрим оилаларнинг даромадлари 60–70 млн сўмгача ошиши таъминланди.

Кичик ва ўрта бизнес йўналишидаги дастурлар доирасида ажратилган кредитлар ҳажми жорий йилда 1 трлн сўмдан ошиши кўзда тутилган. Январь–май ойларида бу кўрсаткич 376,5 млрд сўмни ташкил этди. “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида 11,1 мингдан зиёд фуқаро кредит олиш имконига эга бўлди.
Шунингдек, “Маҳалла лойиҳаси” орқали жорий этилган “Тезкор кредит 2”, “Biznes start-up” ва “Маҳалла тадбиркори” каби маҳсулотлар асосида 10 085 та лойиҳа молиялаштирилиб, 120 млрд сўмлик кредит ажратилди. Бу фуқаролар учун нафақат моддий ёрдам, балки келажакка ишонч ҳамдир.
Томорқалар – фуқаролар учун даромад манбаи
– “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосидаги саъй-ҳаракатлар нафақат қишлоқ хўжалигини диверсификация қилишда, балки бандлик даражасини оширишда ҳам юқори самара бермоқда, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг Аҳолини молиявий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш департаменти директори Ф.Абдувалиев. – Ушбу йўналишда жорий йил бошидан буён банк томонидан 666 гектар ер майдонида 59 та лойиҳа амалга оширилди. Қорақалпоғистондаги 59 гектар майдонда қовун етиштиришдан тортиб, Намангандаги олхўри боғларигача – барчаси юқори даромадли маҳсулотларга қаратилган ҳолда, 1 337 нафар аҳоли иш билан таъминланди. Шу билан бирга, 9 та “Супер лойиҳа”да 2 минг тонна маҳсулот қадоқланиши, 1 600 тонна сақланиши ва 1 000 тонна қайта ишланиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, томорқалардан самарали фойдаланишни ташкиллаштиришда 712 та маҳалладаги 278 минг хонадоннинг 23,3 минг гектар ер майдонида ҳам экин экиш ишлари олиб борилди. Бу борада уларга 85 млрд сўмлик кредит маблағлари ажратилди.
Бундан ташқари, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш мақсадида суғориш ва электр таъминотини яхшилашга қаратилган 49,1 млрд сўмлик лойиҳалар молиялаштирилиб, минглаб хонадонлар барқарор сув ва электр таъминоти билан таъминланди.
Ҳар бир хонадон – банк мижози
Банк томонидан “Ҳар бир хонадон – банк мижози” тамойили асосида ҳисоб рақамига эга бўлмаган 126 минг фуқаро аниқланди, уларнинг 12 мингдан ортиғига карта очилди.

“Yangiish-mehnat.uz” платформаси орқали 2300дан зиёд касбий тайёргарлик бўйича буюртма Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига тақдим этилди. Қорақалпоғистон ва Сурхондарёда халқаро сертификат берадиган ўқув марказлари фаолияти бошланди. Хусусан, Нукусда хорижий тиллар ва IT соҳасига ихтисослашган марказ, Сурхондарёда эса “Japan Technological University” доирасида ўқув бинолари қурилмоқда.
Шунингдек, банк раҳбарияти иштирокида жойларда аҳоли ва тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ҳамда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 630 та учрашув ташкил этилди. 11 мингдан зиёд иштирокчи қатнашган тадбирларда 2 541 та мурожаат келиб тушди. Улардан 2 430 таси ижобий ҳал этилиб, 3 200 та иш ўрни яратилди.
Айтиш жоиз, бугунги кунда Ўзсаноатқурилишбанк томонидан давлатимиз раҳбари бошчилигида илгари сурилаётган ислоҳотларни ҳаётга изчил татбиқ этишда, ҳар бир фуқарога молиявий ечим таклиф этишга ва шу орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш саъй-ҳаракатлари изчил давом эттирилмоқда.
Банк ахборот хизмати