Маҳаллага ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи кубоги берилди
Ёшлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи кубоги учун мини футбол бўйича мусобақалар ўтказилди.
Беллашувлар дастлаб, туман ва шаҳарлардаги маҳаллалар ўртасида ўтказилиб, энг кучли жамоалар сараланди. Сўнгра ҳудуддий босқич ўтказилиб, тўрт жамоа мусобақанинг финал ва ярим финал беллашувларига йўлланма олди.

Кеча Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида мусобақанинг якуний босқичи ўтказилди.
Учинчи ўрин учун кечган баҳсда Пайариқ туманининг “Қумчуқ” маҳалласи жамоаси Тойлоқ туманининг “Шопўлот” маҳалласи ёшлари устидан ғалабага эришди.
Финалда Пастдарғом тумани шарафини ҳимоя қилган “Ҳовузак” маҳалласи ёшлари Самарқанд шаҳрининг “Ўрта Хўжасоат” жамоаси билан беллашди.

Муросасиз кечган ўйинда ўртахўжасоатликлар 7:5 ҳисобида ғалаба қозонди ва ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи кубогини қўлга киритди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА