English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалладошларига ибрат бўлаётган чевар аёл
15:24 / 2025-06-10

Ҳар қанча замонавийлашмайлик, уйимизда ўзимизнинг шарқона ва миллий тўшакларимизга жой топилади. Шу сабаб, ранг-баранг, сифатли кўрпа-тўшакларни тикишга уста бўлган моҳир чеварларимизга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.

Қашқадарё вилояти Муборак тумани Амир Темур маҳалласида яшовчи Навбаҳор Чориева ҳам чеварлик ҳадисини пухта эгаллаган ҳунармандларимиздан бири ҳисобланади. Тирикчилик илинжида қилинган ҳалол меҳнатнинг уяти йўқ деганларидек, ҳозирда опа уй шароитида турли хил кўрпа, ёстиқ ва дастурхонлар тикиб, оилавий даромад топмоқда. Ҳалол меҳнат ортидан хонадонига барака ва ризқ кирмоқда. Навбаҳор Чориева ўзининг меҳнатсеварлиги билан маҳалладошларига ибрат бўлиб келмоқда.

Навбаҳор опа бу ҳунарни қайнонасидан ўрганиб, аввал фақат яқинлари учун тиккан бўлса, ҳозирда буюртмалар асосида иш олиб бормоқда. Тикувчилик нафақат унга даромад манбаи, балки касбга бўлган меҳрини намоён этиш имкониятини ҳам беради.

–Қайнонамдан ўрганган ҳунар бугун рўзғоримизга даромад олиб келяпти, – дейди Н.Чориева. – Биз талабгорларнинг қизиқишига қараб болиш, гирдихона, кўрпача ва дастурхонлар тикяпмиз. Одамлар эшитиб, маҳсулотларимизни харид қилгани қўшни туман ва маҳаллалардан келмоқда. Бу бизни янада қувонтириб, ишимизга унум, ғайратимизга ғайрат қўшади.

Опанинг айтишича, ҳар бир гирдихона ёки кўрпани тикиш беш-олти соат вақтни талаб қилади. Жумладан, кўрпа тикишда, аввало, унинг қишки ёки ёзгилигига қараб мато танланади. Совуқ кунларда ишлатиладиган кўрпаларга 4-5 килогача, иссиқ кунда фойдаланишга мўлжалланган кўрпаларга ўртача 3 килогача пахта солинади. 

Саваланган пахталар гирдихонанинг махсус матолардан тикилган ички қопига солинади. Бунда гирдихонада пахтанинг тенг тақсимланганига аҳамият қаратилади. Сўнг мато нақшига қараб, беш-олти қатор қилиб узунасига қавилади.

Кўрпанинг ҳам тайёр ҳолга келиши учун анча-мунча сабр керак бўлади. Бунда пахталар солиниб, ички қоп яхшилаб қавилади. Кўрпанинг қавилиши кўрпача ва гирдихоналардан фарқ қилади. 

Маҳалладошларининг таъкидлашича, унинг маҳсулотлари сифати ва нафис безаклари билан ажралиб туради. Айниқса, миллий анъаналар асосида тикилган буюмлари харидорларга манзур бўлмоқда.

Навбаҳор опанинг фаолияти ёш қизларга ҳам ибрат бўлиб, уларни ҳунар ўрганишга ундамоқда.

Гулноза Бобоева,

ЎзА