Муносабат
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти жиҳатидан анъанавий нутқдан анча кенг қамровли бўлиб, мамлакатнинг кейинги ўн йилликдаги ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи стратегик доктрина, десак муболаға бўлмайди. Ушбу сиёсий ҳужжат билан иқтисодий либераллаштириш, ижтимоий масъулият, технологик суверенитет ва экологик барқарорликни уйғунлаштирган янги тараққиёт модели яққол ифодаланди.

Мурожаатнома доирасида давлат раҳбари макроиқтисодий кўрсаткичлардан тортиб, космик технологиялар соҳасидаги узоқ муддатли мақсадларгача бўлган устувор йўналишларни қамраб олди. Бу эса Ўзбекистон ривожланишининг фақат ички эҳтиёжлар билан чекланмасдан, глобал рақобат майдонида ўз ўрнини мустаҳкамлашга қаратилганини кўрсатади.
Президент томонидан 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши давлат бошқарувида марказлашган моделдан босқичма-босқич воз кечилаётганини англатади. Эндиликда “маҳалла еттилиги” фақат ижроий вазифаларни бажарувчи тузилма эмас, балки бюджет маблағларини тақсимлаш ва ижтимоий муаммоларни ҳал этишда мустақил субъект сифатида намоён бўлмоқда.
Бу жараён “Кучли давлатдан – кучли жамият сари” тамойилининг амалий ифодаси бўлиб, маҳаллани иқтисодий ўсиш нуқтаси ва камбағалликни қисқартиришнинг энг қуйи, бироқ энг самарали бўғинига айлантиришни кўзда тутади. Шу билан бирга, маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшлар тарбияси ва жиноятчиликнинг олдини олиш каби масалаларни жамиятнинг ўзига ишониб топшириш ижтимоий масъулиятни оширишга хизмат қилмоқда.
Мурожаатномадаги энг катта резонанс уйғотган ташаббуслардан бири – Ўзбекистоннинг ўз сунъий йўлдошини учириш ва миллий космонавт тайёрлаш режаси бўлди. Бу ташаббус фақат рамзий мақсадларга эмас, балки иқтисодий ва миллий хавфсизлик манфаатларига ҳам хизмат қилади.
Космик технологиялар қишлоқ хўжалигини мониторинг қилиш, сув ресурсларини бошқариш, экологик назорат ва алоқа тизимларини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу йўналиш Ўзбекистоннинг минтақада “IT-хаб”дан кенг қамровли “технологик хаб”га айланиш стратегиясида кескин бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланмоқда. Шунингдек, космик соҳанинг ривожи олий таълим ва илм-фанда физика, математика ва муҳандислик фанларининг жадал ўсишига туртки бўлиши кутилмоқда.
2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш ва аҳоли жон бошига даромадни сезиларли ошириш вазифаси Мурожаатноманинг иқтисодий асосини ташкил этди. Президент иқтисодиёт ҳажмини икки баравардан зиёд (ортиқ) оширишда хусусий мулк ва эркин бозор механизмларини асосий драйвер сифатида белгилади.
Бу йўлда давлат иқтисодиётга интервенция қилиш амалиётидан воз кечиб, хусусий сектор учун очиқ ва шаффоф шароитлар яратмоқда. Стратегик инвесторларга ер майдонларини бозор қийматида тақдим этиш амалиёти коррупциялашган тақсимот тизимидан бозор иқтисодиётига ўтишнинг муҳим белгисидир. 2026 йилги Давлат бюджетида тақчилликни 3 фоиз даражасида ушлаб туриш режаси эса макроиқтисодий барқарорлик ва инфляцияни назорат қилиш устувор вазифа эканини тасдиқлайди.
Мурожаатномада экология масаласи илк бор шунчалик кескин ва амалий руҳда кўтарилди. Хусусан, Тошкент атрофидаги экологик муаммолар, фильтрсиз ишлаётган кўмир қозонхоналарини кўчириш масаласи давлатнинг экологик прагматизмини намоён этди.
Экология эндиликда фақат дарахт экиш билан чекланмасдан, саноатни модернизация қилиш ва аҳоли саломатлигини сақлашнинг стратегик шарти сифатида қаралмоқда. “Яшил” энергетикага ўтиш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш ихтиёрий эмас, балки миллий хавфсизликнинг ажралмас қисми сифатида талқин қилинмоқда.
Барқарор ривожланишнинг миллий мақсадларига асосланган экологик сиёсат энди иқтисодий сиёсатнинг ажралмас қисмига айланди.
Ижтимоий соҳага қўшимча 2 триллион сўм ажратилиши ва камбағаллик даражасининг 5,8 фоизгача пасайиши давлат сиёсатининг инсонга йўналтирилганини кўрсатади. Бироқ бу ижтимоий қўллаб-қувватлаш “боқимандалик” эмас, балки аҳолини тадбиркорликка, касб-ҳунарга йўналтириш орқали барқарор даромад манбаларини яратишга қаратилган.
Камбағалликнинг 5,8 фоизгача туширилиши, бу шунчаки статистик кўрсаткич эмас, балки миллионлаб инсонлар ҳаёт сифатидаги ижобий ўзгаришларнинг амалий натижасидир.
Шавкат Мирзиёевнинг бу йилги Мурожаатномаси “Янги Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мантиқий давоми ва энг муҳим босқичи сифатида намоён бўлди. Унда маҳалла – ички сиёсатнинг пойдевори, технология — иқтисодий тараққиётнинг асоси, экология эса келажак авлодлар олдидаги масъулият сифатида белгилаб берилди.
Ушбу Мурожаатнома Ўзбекистоннинг нафақат ички, балки ташқи сиёсатда ҳам янги қиёфасини очиб берди. Ўз маҳалласини обод қила олган, бир вақтнинг ўзида фазовий кенгликларга интилган, иқтисодий жиҳатдан мустақил ва экологик масъулиятли давлат қиёфаси шаклланмоқда.
2025 йил якунидаги мазкур сиёсий нутқ мамлакатни глобал рақобатда юқори поғоналарга олиб чиқишга қаратилган стратегик “йўл харитаси” бўлиб, Ўзбекистоннинг “учинчи ренессанс” ғоясини шакллантиришдан уни амалий рўёбга чиқариш босқичига ўтганини эълон қилди. Бу жараёнда ҳар бир инсон, ҳар бир маҳалла ва ҳар бир тадбиркор ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси ва ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда.
Элёржон Саминов,
Барқарор ривожланиш маркази директори
ЎзА