Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалладан бошланган тараққиёт: инвестиция ва бандликка йўл
14:46 / 2026-01-29

2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида ҳудудларда иқтисодий фаолликни ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу нуқтаи назардан Жиззах вилоятининг Зомин туманида олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор.

Зомин тумани ҳокимлиги мажлислар залида туман ижтимоий-иқтисодий ривожини жадаллаштиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан бириктирилган вакил А. Ҳошимов, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи М. Ибодуллаев ҳамда туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи П.Алибековлар иштирок этишди.

Йиғилишда 2026 йилга мўлжалланган янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ўрта ва кичик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган имтиёзли кредитлар масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, маҳалла кесимида иқтисодий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш аҳолининг барқарор даромад манбаларини яратишда муҳим омил ҳисобланади.

Муҳокамалар давомида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш йўналишларида янги лойиҳаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, банклар томонидан ажратилаётган имтиёзли молиявий ресурслар ана шу ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилиши лозим.

Тадбирда туман иқтисодий комплекси раҳбарлари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ҳамда масъул ходимлар жойларда олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларини билдирдилар. Шу билан бирга, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва янги ташаббусларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилиш якунида масъулларга белгиланган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли ижро этиш, тадбиркорлар билан яқин ҳамкорликда ишлаш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини янада кучайтириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Айтиш жоизки, бундай мазмундаги учрашувлар маҳаллаларни ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини ошириш орқали 2026 йилда белгилаб берилган стратегик мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири