Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалладан бошланадиган барқарор тараққиёт
07:53 / 2026-01-11

Муносабат

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида юртимизда охирги йилларда бажарилган кўламли ислоҳотлар натижалари билан бир қаторда, яқин ва кейинги давр учун белгиланган устувор вазифалар аниқ-равшан ифода этилди.

2026 йилни “Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилиниши бежиз эмас. Чунки бугунги тараққиёт стратегиясида айнан маҳалла – иқтисодий, ижтимоий ва экологик барқарорликнинг таянч бўғини сифатида қаралмоқда. Бу жараёнда экология масалаларига алоҳида урғу берилгани, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш эндиликда алоҳида йўналиш эмас, балки жамият ривожининг ажралмас қисми эканини яна бир бор тасдиқлади.

Бугунги иқлим ўзгаришлари, сув ресурсларининг қисқариши, ҳавонинг ифлосланиши кучайиб бораётган шароитда экологик барқарорлик масаласи ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла даражасида ҳал этилиши зарур бўлган долзарб вазифага айланди. Шу боис Мурожаатномада 2026 йилда экология соҳасига 1 триллион 900 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланди. Бу маблағлар саноат корхоналарида замонавий фильтр ва экологик мониторинг тизимларини жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларида экологик хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.

Автотранспортдан чиқаётган зарарли газларни камайтириш мақсадида экологик стикерлар тизимини жорий этиш, электромобиллар улушини ошириш, жамоат транспортини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, шаҳар ва қишлоқларда тоза ҳавони таъминлашга қаратилган муҳим чоралар сифатида баҳоланмоқда. Мурожаатномада “яшил макон” ва “яшил девор”лар барпо этиш, кўкаламзорлаштириш ишларини тизимли равишда амалга ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Жорий йил учун белгиланган вазифаларнинг асосий жиҳати шундаки, экологик муаммоларни ҳал этиш марказдан эмас, балки маҳалла даражасида тизимли ва манзилли амалга оширилади. Чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш, ичимлик суви манбаларини муҳофаза қилиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш каби масалалар бевосита маҳаллаларда амалга оширилиши белгиланди.

2026 йилда Наманган вилоятидаги мавжуд 750 дан ортиқ маҳаллалар кесимида экологик муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, аҳолининг экологик саводхонлигини ошириш, ёшлар ва аёлларни “яшил” ташаббусларга кенг жалб этиш йўналишида изчил фаолият олиб борилади.

Атроф-муҳитни асрашга қаратилган бугунги ҳар бир амалий қадам – келажак авлодлар учун соғлом, тоза ва барқарор ҳаётни таъминлашга хизмат қилади. Экология масалаларига масъулият билан ёндашиш эса жамият юксалишининг муҳим шарти бўлиб қолаверади.

Музаффар Худойбердиев,

Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилоят кенгаши раиси.

ЎзА.