Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида маҳаллаларда иш бошлаётган ёшлар етакчиларининг мақсад ва вазифаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги барча маҳаллага бириктирилган етакчилар, ёшлар ташкилотлари, шунингдек, вилоятдаги олий таълим муассасалари, халқ таълими, ички ишлар, бандлик бош бошқармалари бошлиқлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Йиғилишни вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев олиб борди. Таъкидланганидек, ўзини ўзи бошқариш органлари инфратузилмасида янгилик бўлган ёшлар етакчиси лавозими ёшларимиз муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал қилишда долзарб ва масъулиятли вазифадир. Бунда етакчи ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда хонадон сони 500 тагача бўлган маҳаллада –меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида, яъни бугунги кунда 4 миллион 110 минг сўм, хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида, яъни 4 миллион 521 минг сўм, хонадон сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада эса 6 баравари миқдорида, яъни 4 миллион 932 минг сўм қилиб белгилангани ёшлар лидерларига кўрсатилаётган эътибор ва рағбат намунасидир. Давлат раҳбари ташаббуси билан маҳаллаларда ташкил этилган бу вазифа аҳолининг 30 ёшгача бўлган қатлами билан фаол ишлаш, улар ижтимоий муаммоларини ўрганиш ва тегишли идоралар ҳамкорлигида ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Ёшлар ишлари агентлигига етакчиларни ҳар чорак якуни бўйича ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача миқдорда мукофотлаш ҳуқуқи берилган. Ҳар чоракда юқори натижадорликка эришаётган илғор етакчилар 1 ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган етакчиларга уй-жой олиш учун субсидия берилади. Етакчи ёшларнинг рисоладагидек, самарали фаолият олиб боришлари учун нимаики зарур бўлса, барча шароит ҳозирланади.
Етакчилар ўзига бириктирилган маҳаллаларда маданият ва санъатни тарғиб қилиш борасида – “Санъат ғунчалари” кўрик-танлови, мақом, эстрада бўйича “Ёшлар овози”, “Ёш мусаввирлар” танловлари ҳамда “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёт кўригини ўтказади. Соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш борасида – мини-футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, велоспорт, югуриш, шахмат, шашка, бадминтон, камондан отиш бўйича мусобақалар ташкил этади, “Саломатлик учун 5 000 қадам” юриш марафони ҳамда “Ёш эколог” акциясини уюштиради. Худди шундай, ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш борасида – “Бир миллион дастурчи”, “Дастурлашга биринчи қадам” лойиҳаларини амалга оширади, киберспорт чемпионати ва “Ахборот технологиялари билимдони” танловини ташкиллаштиради. Маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш борасида – “Заковат” мусобақаси, “Қувноқлар ва зукколар”, “Зукко китобхон”, “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила”, “Хорижий тиллар билимдони” каби танловлар ҳамда “Мунозара” интеллектуал ва миллий халқ ўйинларини ташкил этади.
Қолаверса, баркамол авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш борасида – “Ёш чегарачи”, “Ёш қутқарувчи”, “Қувноқ стартлар”, “Темурбеклар”, “Тўмарис маликалари”, “Шунқорлар”, “Ёш ҳуқуқшунос”, “Ёш сайловчи”, “Ёш депутат” танловларини ҳамда “Мен ҳам аскар бўламан” акциялари ва ҳарбий қисмларга саёҳатларни ташкил этади. Тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш борасида – “Ўзбекистон учун 100 ғоя” ва “Маҳалланинг ишбилармон тадбиркори” танловлари, “Бизнесга биринчи қадам” грант лойиҳаси ҳамда муваффақиятга эришган тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказади.
Тадбирда ёшлар етакчиларига Шофиркон тумани “Жилвон” маҳалла фуқаролар йиғини мисолида ёшлар балансини шакллантириш, ундаги ҳар бир банд билан тизимли ишлаш, ҳудуддаги йигит-қизлар дуч келаётган муаммоларни уйма-уй юриб ўрганиш ва тегишли идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ҳал қилиш юзасидан кўргазмали тушунтириш, ўзига хос маҳорат дарси ҳам ўтказилди. Ҳар бир маҳалла ёшлар етакчиси махсус ўқув курсига жалб қилиниб, муайян малакага эга бўлиши айтилди.
Ёшлар билан мулоқотда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи Алишер Эркаев ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси раҳбари Ихтиёр Зиёдуллаевлар иштирок этди.
Зариф Комилов, ЎзА