Якунига етаётган йилда мамлакатимиздаги маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли лавозимлари ташкил этилиб, “хонадонбай” иш олиб борилди.
Самарқанд вилоятидаги 1126 маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам мазкур тизим самарали фаолият кўрсатмоқда.Йил давомида барча ҳоким ёрдамчилари томонидан 740 минг 804 та хонадон хатловдан ўтказилиб, бунинг натижалари Online-mahalla.uz платформасига киритилди. Оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатига қараб тўрт тоифага ажратилди ва шу асосида уларга манзилли ёрдам кўрсатилди. Жумладан, аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш мақсадида 103 минг 517 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. 23 минг 635 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди ва тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлди. Йил давомида 37 минг 720 нафар фуқарога 821,7 миллиард сўм кредит ажратилиб тадбиркорликка йўналтирилди ва уларнинг бандлиги таъминланди.
Ёшлар етакчилари томонидан ўтказилган хатлов натижасида 876 минг 528 нафар ёшлар баланси шакллантирилди. Хатлов натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари ҳамда бандлиги таъминланмаган 44 минг 507 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритиш учун тавсия этилди.
– Ёшлар етакчиларининг 977 нафарини эркаклар, 149 нафарини аёлларни ташкил этди, – дейди ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. – Аввало, маҳаллаларда уларнинг фаолият кўрсатиши учун зарур шароит яратиб беришга ҳаракат қилдик. Планшет, компьютер жиҳозлари билан таъминланди. Шундан сўнг ишининг натижадорлигини сўрадик, фаолиятига баҳо бердик. Яхши ишлаган етакчилар ҳар ой рағбатлантирилди. Ишни уддалай олмаганлари билан хайрлашдик. Умуман, бугун йил давомида етакчилар томонидан амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилганимизда яхши натижалар кўплигидан қувондик. “Ёшлар дафтари”ги киритилган ёшларнинг деярли барчасига зарур ёрдам кўрсатилди. Асосан, уларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаига эга бўлиши учун имконият яратиб берилди. Келгуси йилда ишлар кўламини янада кенгайтириш, маҳаллалардаги ҳар бир ёшнинг ҳаёти, орзу-умидлари билан қизиқиб, уларни қўллаб-қувватлашни олдимиздаги асосий мақсад сифатида белгиладик.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА