Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалладаги хавфсизлик – мустаҳкам тинчлик гарови
10:10 / 2026-01-07

Президентимизнинг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори юртимиздаги ҳар бир маҳаллани нафақат обод, балки чинакам хавфсиз ҳудудга айлантириш йўлидаги стратегик қадам бўлди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак 2025 йилда амалга оширилган тизимли ишлар натижасида маҳаллаларда жиноятчилик 1,5 бараварга камайган. Янги ҳужжат эса бу натижани мустаҳкамлаш ва соҳани тўлиқ рақамлаштириш орқали “жиноятдан холи ҳудуд” концепциясини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган.

Энди раҳбарнинг иш кабинети маҳаллага кўчади. Илгари маҳалладаги жиноят учун асосан профилактика инспектори жавоб берар эди. Янги тизимга кўра, вазият энг оғир бўлган “қизил” маҳаллалар юқори бўғин раҳбарларига номма-ном бириктирилди. Масалан, 5 йилдан буён вазият яхшиланмаётган маҳаллага шахсан вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари ёки Миллий гвардия бошқарма бошлиғи масъул бўлади. Бу муаммони юқори даражада ва тезкор ҳал этиш имконини беради.

Бу тизим маҳалладаги муаммоларни юқори бўғиндаги қарор қабул қилувчи шахслар билан бевосита боғлайди. Агар маҳаллада ишсизлик туфайли жиноят кўпаяётган бўлса, бириктирилган ҳоким ўша заҳоти бандлик масаласини ҳал қилади. Бу эса бюрократияга чек қўяди, — дейди соҳа экспертлари.

Бу галги қарорнинг ўзига хослиги – жиноятчиликка қарши курашга илм-фаннинг жалб этилишидир. Уч йилдан буён вазият яхшиланмаётган маҳаллаларга ҳуқуқ-тартибот идораларининг таълим ва илмий муассасалари бириктирилди. Олимлар маҳалладаги жиноятларнинг асл омилларини ўрганиб, ҳудудий ҳокимлик ва ички ишларга аниқ “даволаш” режасини тақдим этади. Бу ёндашув жиноятчиликнинг оқибати билан эмас, балки уни келтириб чиқарувчи илдизи билан курашишга хизмат қилади.

Қарор билан ички ишлар органлари фаолиятига иккита йирик янгилик киритилмоқда. 

Биринчиси — “Менинг инспекторим” иловаси бўлиб у фуқаро ва инспектор ўртасидаги масофани қисқартиради. Эндиликда аҳоли ўз инспекторига фото ва видео хабарларни онлайн юбориши ва унинг фаолиятига баҳо бериши мумкин. 

Иккинчиси — “E-nizoli oila” модули бўлиб у низоли оилалар базасини шакллантиради ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали жиноятнинг олдини олади.

Ижтимоий профилактика жазо эмас, балки кўмакдир. Қарорда ҳокимлар зиммасига ҳар ойда камида 2 та оғир маҳаллага бориб, ижтимоий профилактика тадбирларини амалга ошириш вазифаси юкланди. Кўп ҳолларда майда безорилик ёки ўғриликнинг замирида ишсизлик ёки ижтимоий ёрдамга муҳтожлик ётади. Ҳоким маҳаллага бориб шу фуқарони ишга жойлаштирса ёки тадбиркорликка йўналтирса, жиноятнинг олдини олишга эришилади. Қарорнинг асл моҳияти ҳам шунда — ижтимоий муаммони ҳал этиш орқали тинчликни таъминлаш.

Иш бор жойда масъулият ҳам бўлади. Қарорга кўра, жиноятни яширган ёки ҳисоботларни сохталаштирган раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади. Шу билан бирга ўз маҳалласида жиноятчиликни жиловлаган ва аҳоли розилигига эришган намунали ходимлар маҳаллий бюджет ҳисобидан бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Янги қарор — бу “хавфсиз маҳалла” концепциясининг амалий ифодасидир. Эндиликда хавфсизлик учун нафақат соҳа ходимлари, балки ҳокимликдан тортиб илмий муассасаларгача бўлган барча бўғинлар бирдек жавобгар бўлади. Бу эса ҳар бир фуқаронинг ўз маҳалласида хотиржам ва фаровон яшашига хизмат қилади.

А.Ғаффоров

ЎзА