Сирдарё вилоятининг кўплаб маҳаллаларида айни кунларда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Жойларда ташкил этилаётган амалдаги ишлар билан танишиш мақсадида Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Сардоба тумани Ровот маҳалласига ташриф буюрди.
Бош вазир ўринбосари маҳаллада “Обод хонадон” деб топилган Ғозибеков оиласида бўлиб, хонадон бекаси, икки қиз, беш ўғил ва келинларга бош бўлиб, маҳалла аёлларига бекалик ва қайноналик борасида ўрнак кўрсатиб, хотин-қизларга миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилишда ўзининг катта ҳиссасини қўшиб келаётган “Оқила аёллар” ҳаракати гуруҳи раҳбари Ирисой ая билан учрашди.
–Бош вазир ўринбосари Зулайҳо опанинг биз қишлоқ аёлларини йўқлаб келгани кўнглимизни тоғдек кўтарди, – дейди Ирисой ая. – Маҳалламиз аёллари опа билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қуриб, у кишидан мамлакатимиз хотин-қизлари турмушини яхшилаш учун ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган амалий ишлар, режалар ҳақида кўплаб маълумотлар олди.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири