Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалладаги ободлик кўнгилларга ҳам кўчмоқда
19:18 / 2023-12-12

Президент ташаббуси – амалда

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларидан ташкил топган Республика ишчи гуруҳи Самарқанд вилояти ҳокимлиги, вилоят секторлар раҳбарлари ҳамда Каттақўрғон, Иштихон, Оқдарё, Пастдарғом, Нарпай туманлари ҳокимликлари, мутасадди ташкилотлар билан биргаликда шу йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида ушбу туманлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолати оғир бўлган 5 та маҳаллада “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

 – Жойлардаги ўрганишлар ва маҳаллий ҳокимликлар таклифи асосида Каттақўрғон туманидаги Чўянчи, Иштихондаги Чағатой, Пастдарғомдаги Олти қаҳрамон, Оқдарёдаги Янгиқўрғон ва Нарпайдаги Саловат маҳаллаларини обод қилиш, аҳоли учун қулай турмуш шароити яратиш ва ҳаётини ўзгартириш белгиланган эди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Маматжон Турдиев. – Дастлаб ҳар бир маҳаллада амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг йўл хариталари тузилди. Хонадонбай ўрганиш асосида қайси оилага қандай ёрдам кўрсатилса уларнинг ҳаёти ўзгариши белгиланди. Шу асосида уч ой ичида бешта маҳалладаги 1995 та хонадонда “Обод хонадон” мезонлари жорий этилди. Жумладан, 169 та кам таъминланган оила хонадонлари ҳомийлар ҳисобидан жорий ва капитал таъмирланди. 

Аҳоли турмуш даражасини оширишнинг асосий омили бандлик, доимий даромад манбаига эга бўлиш ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, маҳаллалардаги 611 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди, 40 нафарига 253 миллион сўм миқдорида субсидия, 124 нафарига 2 миллиард 263 миллион сўм миқдорида кредит ажратилишига кўмаклашилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож 293 нафар фуқарога 631 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Уч ой давомида беш маҳаллада ҳам вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг малакали мутахассисларидан иборат гуруҳлар томонидан тиббий кўриклар уюштирилди. Бу тадбирлар давомида 21 мингдан ортиқ аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва кўрик хулосалари асосида 261 нафар фуқарони даволаш чоралари кўрилди, 1638 нафарига бепул дори-дармон ва 31 нафарига реабилитация воситалари берилди. Маҳаллаларда янги тизимни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланганда ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилганди. 

[gallery-15037]

Шу асосида қисқа вақт ичида маҳаллалардаги ички кўчаларнинг 23,5 километри асфальтланди, 62,9 километрига тош-шағал тўшалди. 10 километр узунликда ичимлик суви тармоғи тортиш ва 1 километр тармоқни таъмирлаш, 4 та сув иншооти ўрнатиш ва 4 тасини таъмирлаш ишлари бажарилди. Аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлашни яхшилаш мақсадида 62 та газ тақсимлаш пункти ва 33,7 километр узунликдаги табиий газ тармоғи таъмирланди. Аҳолига қўшимча суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. Электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва бу борада юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 35 та трансформатор таъмирланиб, 10 та янгиси ўрнатилди. 1200 дан ортиқ симёғоч бетон устунларга алмаштирилди ва 39,3 километр электр тармоқлари тортилди. 

Ҳар бир маҳаллада фуқаролар йиғинлари учун замонавий иш жойлари яратиш, таълим ва тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Натижада беш маҳалла биноси ҳам янгиланди. Тўртта мактабда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари билан бирга маҳаллаларда маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилди. Бу тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллигига бағишланган “Конституция ҳафталиги”га уланиб кетди.

Мазкур ҳафталик давомида беш маҳаллада республика ишчи гуруҳи ва вилоят масъуллари, кенг халқ оммаси иштирокида байрам тадбирлари ўтказилди, янги бино ва иншоотлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, Чағатойда 15 та, Чўянчида 11 та, Янгиқўрғонда 10 та, Олти қаҳрамонда 7 та ва Саловат маҳалласида 4 та янги объект – маҳалла бинолари, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари, аҳолига хизмат кўрсатиш мажмуалари, оилавий шифокорлик пунктлари, аҳоли дам олиш масканлари ва кутубхоналар, мактабгача таълим ташкилотлари ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш масканлари очилди. Маҳаллалардаги байрам тадбирлари давомида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича кенг қамровли ишларда фаол қатнашган давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, аҳоли вакилларига “Меҳнат фахрийси”, “Соғлиқни сақлаш аълочиси”, “Маҳалла ифтихори”, “Халқ таълими фидойиси”, “Аъло хизматлари учун”, “Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг энг фаол аёли” нишонлари берилди. “Обод хонадон” ва “Обод кўча” кўрик-танловларининг 30 нафар ғолиблари эса пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Бир сўз билан айтганда, уч ой давомида вилоятдаги беш маҳалла мисолида юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш бугун давлатимиз ижтимоий сиёсатининг асосини ташкил этиши яна бир бор намоён бўлди. Эътиборлиси, бу ишлар эртага бошқа маҳаллаларда давом этади ва бутун мамлакатимиз ободлик сари юз тутади. 

Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири