Элёр Жўраев Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг “Қуруқсой” маҳалласида ижтимоий ходим лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Ушбу маҳалла туман марказидан 50-55 километр узоқликда жойлашган бўлиб, 5 минг 420 нафар фуқаро яшайди. “Қуруқсой” МФЙ 5 та катта ва кичик қишлоқларни ўз ичига олади, қишлоқлар ўртасидаги масофа камида 29-30 километрни ташкил қилади.
Ижтимоий ходимлар асосий фаолиятини “кейс менежмент” (муаммо ва заруриятларни аниқлаш ва ҳаллига йўналтириш) асосида олиб боради. Шу асосда Элёр Жўраев ҳам фаолияти давомида 32 та кейс очиб, шундан 21 таси ижобий ёпилди. Бу ўз навбатида, маҳаллалардаги ижтимоий муаммоларни ечишга қаратилган самарали ишларнинг намунаси ҳисобланади.

2024 йил июль ойидан бошлаб ижтимоий ходим сифатида фаолият бошлаган Элёр Жўраев, бугунга қадар 10 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган фуқароларнинг РТВ (реабилитация ва техник воситалар) ва ПОМ (Протез ортопедия маҳсулотлари) маҳсулотлари билан таъминланишида, 4 нафар ногиронлиги бўлган фуқарони ишга жойлашишда амалий ёрдам берди.

Шундай қилиб, Элёр Жўраевнинг ёрдами билан бир неча фуқаролар ижтимоий ҳолатини яхшилашга муваффақ бўлди. Масалан, Кумуш Бойқобилова 50 ёшда бўлиб, 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатида туради. У тўшакка михланиб қолгани туфайли неча йиллардан бери уйдан чиқмас эди. Ўз вақтида Элёр Жўраев унга катталар учун мўлжалланган ногиронлик аравачасини топширди, бу эса Кумуш опага хонадан ташқарига чиқиш, одамлар билан мулоқот қилиш имкони берди.

Шунингдек, Фотима Абдуғаниева ёлғиз она бўлиб, 1 нафар фарзанди билан яшaйди. Илгари доимий даромад манбаига эга бўлмаган эди. Ижтимоий ходим Фотима опанинг ҳолатини ўрганиб, уни боғчадаги бўш иш ўрнига таклиф қилди. Бу билан у ишга жойлашди ва ижтимоийлашишга эришди.

Элёр Жўраевнинг ижтимоий фаолияти давомида, бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар кўплаб фуқароларнинг ҳаётига ижобий ўзгаришлар киритмоқда. Унинг меҳнатлари маҳалладаги ижтимоий муаммоларга ёрдам бериш, аниқ ечимлар топишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири