Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ҳоким бўлди
17:16 / 2024-02-14

Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида бўлиб ўтган Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилди. Сессия кун тартиби юзасидан сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов кейинги йилларда Учқўрғонда олиб борилган ишлар, эришилган ютуқлар асносида ислоҳотларни амалга оширишда хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилганлигини таъкидлади.

Сессияда депутатлар томонидан вилоят ҳокимининг Жаҳонгир Носиржонович Ризаевни Учқўрғон тумани ҳокими лавозимидан озод этиш ҳамда Муҳаммад Абдуҳакимович Ҳайдаровни Учқўрғон тумани ҳокими лавозимига тайинлаш тўғрисидаги қарорлари бир овоздан маъқулланди.

Эътиборлиси шундаки, янги тайинланган ҳоким энг қуйи бўғин – Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчилари орасидан танлаб олинди. 

Муҳаммад Ҳайдаров 1986 йил 17 апрелда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2011 йилда Наманган муҳандислик иқтисодиёт институтини (ҳозирги Наманган муҳандислик-технология институти) тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи. 2022 йил январь ойидан буён Наманган туманидаги Олахамак маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган.

Танқидий руҳда ўтган сессия ишида ҳудудни ривожлантириш, одамларнинг бугунидан рози бўлиб яшашига эришиш учун амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири