English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалладаги эзгу амаллар кўплаб оилаларга қувонч улашмоқда
20:29 / 2023-08-25

Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрами олдидан мамлакатимизда бошланган “Маҳаллаларни ободонлаштириш ойлиги” Фарғона вилоятида халқимизнинг ҳамжиҳатлигини яна бир бор намоён этмоқда.

“Маҳалладан – хонадонгача” тамойили асосида олиб борилаётган ободлик, саранжом-саришталик ишлари бир дам бўлсада тўхтагани йўқ. Жойларда аҳоли турар жойлари, ижтимоий объектлар, маҳалла, қишлоқ, кўча ва хиёбонларни турли чиқиндилардан тозалаш, дарахтларни буташ, оқлаш, суғориш, уларнинг ноқонуний кесилишининг олдини олиш билан боғлиқ ишлар қамраб олинмоқда.  

Эзгу мақсадларга йўғрилган ободончилик, бунёдкорлик ишлари хайр-саховат амаллари, халқ ҳашарларига уланиб кетмоқда. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти бўлим бошқаруви ҳамда туман ва шаҳар бўлинмалари саъй-ҳаракати билан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, якка ёлғизлар хабар олиниб, моддий ва маънавий кўмак бериб келинмоқда. Уй-жойлари таъмирланиб, кундалик ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти.  

Ўзбекистон тумани “Катта тагоб” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Одинахон Ҳамзаева эҳтиёжманд, якка ёлғиз яшайди. Хонадони таъмирга муҳтож. Ободонлаштириш жараёнида хонадонга келган “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вакиллари уй-жойни таъмирлаш учун маблағ ҳамда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келди. Данғара тумани “Катта аравон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мавжудахон Эрматова болаликдан ногирон бўлган икки нафар фарзандини ёлғиз тарбиялаб келади. Топгани рўзғордан ортмайди. Шу боис яшаш уйлари таъмирталаб бўлиб қолган. Оила ҳаёт тарзидан хабар топган “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Данғара тумани бўлинмаси қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси кўмагида бу оилага 5 миллион сўм моддий ёрдам ажратилиб, уй-жойлари таъмирлаб берилди.  

Қўқон шаҳрида жорий йилнинг июнь ойида буюм бозорида содир бўлган ёнғин натижасида хонадонига зарар етган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш, яшаш шароитини яхшилаш ва саломатлигини тиклаш учун “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қўқон шаҳар бўлинмаси ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.  

“Сунбула” маҳалла фуқаролар йиғини истиқомат қилаётган Бахтиёр Муҳаммадиевнинг хонадони табиий офат натижасида зарарланди. Ҳозирда яшаш учун шароит йўқ. “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан Қўқон шаҳар Кенгашининг тегишли қарорига асосан бу оилага 60 миллион сўм моддий кўмак берилди. Шу маҳалладаги Омонлик кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Фаридахон Умарова хонадонида 14 киши истиқомат қилади. Юз берган нохуш ҳодиса туфайли хонадон жиддий зарар кўрган. Ободонлаштириш, хайр-саховат тадбирлари жараёнида бу оилага ҳам моддий кўмак ажратилди.  

Бунёдкорлик, ободончилик, хайр-саховат йўлида амалга оширилаётган амалий тадбирлар доирасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан Халқ депутатлари Кенгаши қарорлари билан 20,3 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 34 мингдан ортиқ “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” га киритилган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилалар, ногиронлиги бўлган оилалар, ёлғиз қариялар ва бошқа ижтимоий кўмакка муҳтож эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.

М.Сулаймонов, ЎзА