Президент ташрифидан сўнг
Давлатимиз раҳбари 25 ноябрь куни Самарқандга ташрифи чоғида вилоятда хотин-қизлар бандлигини ошириш, ишсизликни камайтириш ва ташқи миграциядан қайтган аёлларга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берган эди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида айни пайтда маҳаллаларда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси масъуллигида хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси аъзолари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари, турли жамоат ташкилотлари ходимлари хатлов ишларини олиб бормоқда.
Гулмира Маматқулова Ургут туманидаги Ғўслик маҳалласида яшайди. Бирор бир корхонада ёки давлат ташкилотида ишламайди. Лекин қўли гул ҳунарманд, зардўзлик билан шуғулланади. Шу билан бирга бу ҳунарни маҳалладаги бошқа хотин-қизларга ҳам ўргатиб келмоқда. Яқинда маҳалладаги бўш турган хона Гулмирага ижарага берилди ва эндиликда маҳалла аёллари, ёш қизлар бу ерга келиб ҳунар ўрганмоқда, ҳам даромад топяпти.

– Ёшлигимдан, 13 йилдан буён зардўзлик қиламан, оналаримиздан мерос бизга бу ҳунар, – дейди Гулмира Маматқулова. – Бу маҳаллада яшай бошлаганимга 7 йил бўлди ва қўни-қўшниларга ҳам зардўзликни ўргатиб, биргаликда ишлаяпмиз. 50 нафарга яқин шогирдим, мен билан бирга ишлаётган аёллар, ёш қизлар бор. Уларнинг бирор жойга бориб ишлашга имконияти йўқ, лекин уйида рўзғор юмушларидан бўш пайти кўп. Ана шундай пайтда улар менинг ёнимга келиб, зардўзлик қилишади ёки мен берган буюртмаларни уйларида бажариб келишади. Бу маҳалладошларимизга жуда қулай, ҳам рўзғор юритишади, ҳам ишлаб қўшимча даромад қилишади. Маҳалламиздаги бўш бинони менга бериб, шу ерда ишланг ва ишсиз аёлларимизга ҳунар ўргатинг, дейишганда жон деб рози бўлдим. Ҳозир бу ердан одам аримайди, қўни-қўшниларимиз уйда бекор ўтирмай маҳалла марказига келишади, биргаликда ишлаймиз. Айниқса, ёш қизлар кўп келяпти. Улар ўқиш билан бирга бирор ҳунарни ўрганиб олишни мақсад қилганидан хурсанд бўламан. Тикаётган зардўзи либосларимизга бозорда талаб жуда катта. Келиб буюртма беришади, Тошкент ва Душанбе шаҳарларига олиб бориб сотамиз. Қўл меҳнати нозик, мураккаб, шу билан бирга мароқли иш.
Ғўслик маҳалласи раиси Сабоҳат Нуруллаеванинг айтишича, ҳудудда 3470 нафар аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг ярмидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Аёлларнинг асосий машғулоти ҳунармандчилик ҳисобланади. Шунинг учун келгусида маҳаллада қўшимча хона ташкил этиб, зардўзлик билан шуғулланадиган аёллар учун имкониятларни кенгайтириш кўзда тутилган.
– Аёллар бандлигини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат шароити яратиш олдимиздаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади, – дейди Ургут тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Муҳаббат Қобилова. – Туманимизда амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа, давлат ва ҳудудий дастурлар доирасида бу масалага алоҳида эътибор қаратилади. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги имкониятларимизни кенгайтирди. Мазкур қарор асосида маҳаллаларда касаначилик ва уй меҳнатидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали хотин-қизларнинг бандлигини ва саломатлигини таъминлаш мақсадида бандлик ва саломатликни мустаҳкамлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бунинг учун давлат томонидан бир қатор имтиёзлар берилган. Ана шундай марказлар ташкил этиш учун биз ҳам туманимиздаги 116 та маҳаллада хатлов ўтказганимизда 65 та бўш турган бино аниқланди ва бу жойларни маҳаллалардаги тадбиркор, ҳунарманд хотин-қизларга бериб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Шу пайтгача 12 та маҳаллада шундай марказлар, кичик цехлар фаолият кўрсатяпти. Навбати билан бошқа маҳаллаларда ҳам марказлар ташкил этилади.

Бундай масканларнинг аёллар учун қулайлиги – улар бошқа жойга бормай, ўз ҳудудида ишлайди, болалари кўз олдида бўлади, рўзғор юмушлари билан бир пайтда бирор бир ҳунар ёки касб билан машғул бўлади. Шунингдек, йирик корхоналар, ишлаб чиқарувчиларнинг касаначиси сифатида уйида туриб ишлаётган хотин-қизларимиз сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Аёллар банд бўлса, биринчидан, рўзғори учун қўшимча даромад қилади, эри билан бирга оиласини мустаҳкамлаш учун ҳаракатда бўлади. Иккинчидан, ишли, ҳунарли оилаларда ажримлар юзага келмайди, беқарор муҳит ҳукм суради.
Муҳаббат Қобилованинг қайд этишича, бугунги кунда тумандаги 300 мингга яқин аёлларнинг 2,5 минг нафарини банд бўлмаганлар ташкил этади. Тумандаги корхоналарда бўш иш ўринлари кўп. Лекин олис қишлоқлардаги, ҳатто марказдаги маҳаллаларда яшовчи аёлларнинг ҳаммасида ҳам бу корхоналарга бориб, меҳнат қилишга имконият ёки хоҳиш йўқ. Маҳаллалардаги бандлик ва саломатлик марказлари айнан шундай опа-сингилларимиз учун энг қулай иш жойлари ҳисобланади.
Айни пайтда туманда ҳам миграциядан қайтган ва ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида хатлов ишлари олиб борилмоқда.
15 декабрга қадар давом этадиган мазкур жараённи мувофиқлаштириш мақсадида вилоят, шаҳар ва туман штаблари тузилган ва штаб аъзолари олдига бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Шу асосда ҳудудларда хотин-қизлар учун янги иш ўринларини яратиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, ташқи миграцияда юрган хотин-қизларни юртимизга қайтариш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. Энг муҳими, хориждан қайтган, умуман, ишсиз хотин-қизларни юқори маош тўланадиган ишга жойлаштириш белгиланган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VBWY4M7OM_A" title="Mahalladagi bo‘sh turgan binoda xotin-qizlar ish bilan ta’minlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (видео, сурат),
ЎзА мухбирлари