Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги Янги ҳаёт маҳалласида 80 нафар ишсиз фуқародан 28 нафари ишга жойлаштирилди. Қолган 52 кишининг эса яқин кунларда ҳудудга яқин жойлашган енгил саноат, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва қурилиш материаллари тайёрлаш корхоналарига йўналтирилиши белгиланган. Бу ишлар аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш даражасини ошириш ҳамда ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Суҳроб Тавбоев ушбу маҳаллага бириктирилган. У маҳалла еттилиги ва ҳамкор ташкилотлар билан ўтказган учрашувида ишга жойлаштириш, касбга ўқитиш ва доимий даромад манбаи билан таъминлаш масалалари юзасидан ўзи учун аниқ чора-тадбирлар белгилаб олди.
– Ишсизликни камайтириш фақат бир ташкилотнинг вазифаси эмас. Бу — маҳалладан тортиб туман ва вилоят даражасигача биргаликда амалга ошириладиган жараён. Биз ҳар бир фуқарони иш билан таъминлашга ҳаракат қиламиз. Бу нафақат уларнинг оиласига, балки бутун маҳалла ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади, – деди Суҳроб Тавбоев.
Маҳаллада бандлик хизмати кўмагида ишга жойлашган фуқароларнинг меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимояси доимий назоратда бўлади. Шу билан бирга, ишсизларга касб-ҳунар ўргатиш, қайта тайёрлаш ва бозорда талаб юқори бўлган ишларга йўналтириш дастурлари изчил амалга оширилмоқда.
Мутасаддиларнинг фикрларига кўра, ушбу тизимли чоралар аҳоли даромадини ошириш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш ва мамлакатда амалга оширилаётган бандлик сиёсатини самарали ижро этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири