English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллада замонавий футбол майдони
16:21 / 2025-05-12

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида жойлашган Ўзбекистон маҳалласининг спортсевар ёшлари учун маҳаллада замонавий футбол майдони қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳа “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида амалга оширилиб, унга умумий ҳисобда 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган, сунъий қопламали мазкур майдон ёшларнинг соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва футбол спорт тури билан мунтазам шуғулланишлари учун қулай имконият яратди.

Янги иншоотнинг очилиш маросими тантанали тарзда ташкил этилди. Унда Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ўролова, халқ таълими ва спорт муассасалари раҳбарлари, маҳалла фаоллари, ёш спортчилар ҳамда мураббийлар иштирок этишди.

Маҳалла раиси Зокир Хўжамқулов ҳам тадбирда сўзга чиқди ва мазкур иншоот маҳалла ёшларининг узоқ кутилган орзуси эканини таъкидлаб, жумладан шундай деди: 

– Бу спорт майдони маҳалламиз ёшлари учун катта туҳфа бўлди. Ушбу имконият учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз. “Ташаббусли бюджет” дастури доирасидаги ушбу лойиҳа маҳалламизда ижобий ўзгаришларга замин яратди. Аҳолимиз овоз бериш жараёнида фаоллик кўрсатди. Бугун биз ана шу ҳамжиҳатлик самарасини ўз кўзимиз билан кўрмоқдамиз.

Тадбир якунида маҳалланинг ёш футболчилари ўртасида кўргазмали ўйинлар ўтказилиб, иштирокчиларга байрамона кайфият улашилди.

[gallery-23323]

Ғулом Примов, ЎзА мухбири