Мирзаобод туманидаги Т. Аҳмедов маҳалласининг Элобод қишлоғида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида аҳоли ташаббуси билан усти қопламали замонавий болалар ўйингоҳи барпо этилди.
Мазкур ташаббус маҳаллада болалар ва ёшлар учун хавфсиз, қулай ҳамда соғлом дам олиш муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.
Лойиҳа 2025 йил “Ташаббусли бюджет” дастурининг биринчи босқичида аҳоли томонидан фаол қўллаб-қувватланиб, 6 110 нафар фуқаронинг овози билан ғолиб деб топилди. Натижада ушбу лойиҳани амалга ошириш учун давлат бюджети ҳисобидан 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Туман ҳокимлиги масъулларининг маълумотларига кўра, ўйингоҳ барпо этилиши маҳаллада ижтимоий муҳитни яхшилаш, аҳолининг фаоллигини ошириш ҳамда жамоат ишларида иштирокини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Ушбу лойиҳа аҳолининг таклиф ва ташаббуслари тўғридан-тўғри молиялаштирилиши орқали маҳаллий муаммоларга амалий ечим топиш мумкинлигини яққол намоён этди.

– “Ташаббусли бюджет” — бу шунчаки молиявий дастур эмас, балки аҳолининг овози эшитилаётгани, фуқароларнинг фикри қарор қабул қилиш жараёнида ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганини кўрсатадиган очиқ ва шаффоф тизимдир, – дейди Т. Аҳмедов маҳалласи раиси Қамбар Холбоев. – Маҳалламизда болалар учун замонавий ўйингоҳ қурилиши аҳолининг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги самарасидир. Бу ерда фарзандларимиз соғлом муҳитда ўйнайди, ота-оналар эса ўз ташаббуслари натижасини амалда кўриб турибди.
Маҳалла раиси таъкидлаганидек, янги ўйингоҳ нафақат болалар учун дам олиш маскани, балки маҳаллада ижтимоий ҳаётни жонлантирувчи муҳим инфратузилма объектига айланди. Бу ерда турли тадбирлар ўтказиш, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш имкониятлари яратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири