French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллада хавфсиз муҳит чоралари кўрилди (+видео)
12:59 / 2026-02-10

Жорий йил 27 январь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунали амалиётни йўлга қўйишга доир аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Ушбу топшириқлар ижроси доирасида Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Баҳодир Тошматов Юнусобод туманида манзилли ўрганиш ишларини олиб борди. Унда туман ҳокими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирок этди.

Ташриф давомида жиноятчилик кўрсаткичлари нисбатан юқори бўлган “Боғи шамол” маҳалласидаги ҳолат ўрганилди. Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказилиб, ҳудуддаги мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.

Ўрганишлар натижасида маҳаллий инфратузилмадаги айрим камчиликлар, жумладан, тунги ёритиш тизимидаги муаммолар, кузатув камераларининг носоз ҳолатда экани ҳамда профилактика ишларини янада кучайтириш зарурати қайд этилди.

Айниқса, ўрнатилган видеокузатув қурилмаларининг барчаси ҳам ишчи ҳолатда эмаслиги хавфсизликни таъминлашда рақамли технологиялар имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилаётгани таъкидланди. Масъулларга камераларни таъмирлаш ва ягона тизимга интеграция қилиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Шунингдек, маҳаллани босқичма-босқич рақамлаштириш, хавфли ҳудудлар харитасини шакллантириш ва профилактика тадбирларини аниқ режа асосида ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Кўп қаватли уйлар атрофини тунги вақтда ёритиш масаласи ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Мутасаддиларга ушбу йўналишдаги ишларни қисқа муддатда бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.

Учрашувлар чоғида профилактика инспекторларининг хизмат фаолияти, уларнинг моддий-техник таъминоти ва аҳоли билан ишлаш самарадорлиги таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш фақат бир идора зиммасига юкланадиган вазифа эмас. Бу жараён барча мутасадди ташкилотлар, маҳалла фаоллари ва аҳолининг ҳамкорлигида амалга оширилади.

Юнусобод туманида олиб борилган манзилли ишлар маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича тизимли ёндашув йўлга қўйилаётганидан далолат беради. Белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ижроси туман миқёсида барқарор ва осойишта муҳитни таъминлашга хизмат қилади.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-r35j13iGco" title="Mahallada xavfsiz muhit choralari ko‘rildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Нигора Раҳмонова,
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА