Мамлакатимиз Президенти Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида 2025 йилда эришилган ютуқларни эътироф этар экан, қанчалик оғир бўлмасин, халқимиз ўзининг машаққатли ва фидокорона меҳнати билан улкан марраларни забт этганини таъкидлади.
Шунингдек, ушбу натижалар халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилаётгани, мамлакатимиз рейтинглари йилдан-йилга яхшиланиб, обрў-эътибори ортиб бораётгани қайд этилди.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш таклифи аҳамиятли экани таъкидланди.
Боиси менинг 44 йиллик меҳнат фаолиятимнинг асосий қисми маҳаллалар билан боғлиқ. Ишимизга тааллуқли бўлмаган топшириқлар исканжасидан тортиб, имконсизликдан эшик беркитиб ўтирганимизгача бўлган ҳолатлар худди кечагидек кўз ўнгимда.
Янги давр ислоҳотлари маҳаллани жамиятнинг чинакам таянчига айлантирди. У аҳолининг ташвиш ва муаммоларини эшитадиган, жойида ўрганиб ҳал қиладиган кучга айланди. “Ташаббусли бюджет”, “Маҳалла ёрдамчиси” каби институтларнинг жорий этилиши муаммоларга юқорида эмас, қуйида ечим топилишига замин яратди.
Турли ижтимоий “дафтар”лар орқали хотин-қизлар, ёшлар, ногиронлиги борлар, шунингдек, маҳалла инфратузилмалари билан боғлиқ муаммоларга ечим топилмоқда.
Шу ўринда вилоятимиз бўйича сўнгги йилларда 400 нафарга яқин ногиронлиги бўлганларнинг уй-жой билан таъминланганлигини мисол сифатида келтиргим келади. Бошпанасига эга бўлган ушбу фуқароларнинг қувончи, шукронаси, дуосини сўз билан ифодалаш ниҳоятда мушкул. Уларнинг ҳаётдан розилиги таъминланиб, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланди. Чунки уй-жой бошпана эмас, бу Ватан ичидаги кичик Ватан. Уйи бор одам ўзини тўлақонли Ватаним бор деб ҳис этади.
Эсимда, “энди биз ҳам меҳмон чақирa оламиз”, деган эди 12 йилдан бери ижарама-ижара яшаб келган, Нуротада истиқомат қилувчи ногиронлиги бор аёл уй-жой калитини қабул қилиб олаётганида.
Дарҳақиқат, меҳмон ҳақида сўз кетар экан, ёдимга тушади: беш-олти йил илгари Навоий вилоятида бор-йўғи бешта меҳмонхона фаолият юритар эди. Меҳмон келиши режалаштирилса, олдиндан буюртма беришга тўғри келарди. Қишлоқ туманлари ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.
Бугун вилоят маркази ва туманларида 80 га яқин йирик меҳмонхона ҳамда 100 дан зиёд меҳмон уйлари барпо этилган. Сармишсой, Нурота, Тўдакўл, Айдаркўл, Олтинсой, Лангар, Сентоб каби ҳудудларда тарихий, экотуризм, сафари, пляж ва зиёрат туризми йўналишлари шакллантирилди.
Натижада 2016 йилга нисбатан сайёҳлар оқими қарийб ўн бараварга ошди. Бу эса аҳоли учун янги иш ўринлари яратилиши, оилалар даромад манбаининг кенгайишига хизмат қилмоқда.
Албатта, буларнинг барчаси маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг соғломлашишида муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, маҳалла фаолиятини такомиллаштириш йўналишидаги ислоҳотлар фуқароларнинг маҳаллаларга ихлоси ва ишончини оширди.
Жамият ҳам айнан шу ихлос ва ишонч асосида ривожланади.
Нормурод Исоқов,
халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати.
ЎзА