Сўнгги йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг даромад манбаларини кўпайтириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар маҳаллалар кесимида аниқ натижалар бермоқда.
Айниқса, манзилли ёрдам, имтиёзли кредитлар ва маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари фаолияти ўзаро уйғунлашган ҳолда янги тадбиркорлик ташаббусларини юзага чиқармоқда.
Бунинг яққол мисолини Қарши шаҳридаги Бўстон маҳалласида кўриш мумкин.
Маҳаллада истиқомат қилувчи Раъно Абдужалилова камбағаллик реестрига киритилган фуқаро сифатида маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 33 миллион сўм имтиёзли кредитга эга бўлди. Мазкур маблағ эвазига у ўтган йил декабрь ойида қуёнчилик фаолиятини йўлга қўйди.
– Бошида иккиланишлар бўлди. Лекин қуёнчиликни ўрганиб чиққанимдан сўнг бу иш оиламиз учун энг мақбул йўналиш эканига ишондим. Ҳозир 100 га яқин зотли қуёнларим бор. Даромадимиз барқарорлашди, энг муҳими, ўз меҳнатимиз самарасини кўряпмиз, – дейди Раъно Абдужалилова.
Мутахассислар таъкидлаганидек, қуёнчилик кам харажат талаб қилиши, катта ер майдонига эҳтиёж йўқлиги ва маҳсулотининг бозорда талабгорлиги билан ажралиб туради. Қуён гўшти парҳезбоп маҳсулот сифатида аҳоли орасида тобора оммалашмоқда.
– Қуён парвариши маҳаллий шароитга жуда мос. Озуқа базаси арзон, кўпайиш суръати тез. Шу боис бу йўналиш камбағалликдан чиқишда самарали восита бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Жамшид Абдуазизов.
Таъкидлаш лозимки, маҳаллада савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам фаоллик ошмоқда.
Бўстон маҳалласида тадбиркорлик фақат қишлоқ хўжалиги билан чекланиб қолмаяпти. Аҳолининг кундалик эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, тадбиркор Дилнавоз Тошева томонидан болалар учун мўлжалланган савдо дўкони ишга туширилди.
– Маҳалламизда болалар маҳсулотларига эҳтиёж юқори эди. Шуни инобатга олиб, ушбу йўналишни танладим. Ҳозир доимий мижозларимиз бор, яна икки нафар фуқарони иш билан таъминладик, – дейди у.
Шунингдек, Ирода Азизова гигиеник воситалар, Умидулло Ҳабибуллаев эса гўшт маҳсулотлари савдоси билан шуғуллана бошлади. Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш соҳасида тадбиркор Достон Орипов томонидан эркаклар сартарошхонаси ташкил этилди.
– Илгари маҳалладошларимиз сартарошхона учун бошқа ҳудудга боришга мажбур эди. Энди эса қулай шароит яратилди, шу билан бирга мен ҳам ўз оилам учун даромад манбаига эга бўлдим, – дейди Достон Орипов.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маҳалла кесимида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда Бўстон маҳалласида амалга оширилган ташаббуслар натижасида 10 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
[gallery-27663]
Энг муҳими, қуёнчилик каби сердаромад йўналишлар ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги кичик бизнеслар маҳалланинг иқтисодий қиёфасини ўзгартирмоқда. Бу эса давлат дастурлари, маҳаллий бошқарув ва аҳоли ташаббускорлиги уйғунлашганда, камбағалликни қисқартиришда барқарор натижаларга эришиш мумкинлигини кўрсатади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА