ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Қўштепа тумани “Қамиштепа” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорлик ва ҳунармандчилик, хусусан мебелсозлик соҳаси жадал ривожланмоқда. Маҳалла аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муҳим марказга айланди.
Маҳаллада қарийб 4 минг аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 150 нафардан ортиғи тадбиркорлик билан шуғулланиб, мебель, ёғоч ва ойна маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан банд. Устахоналарда бир ишчи кунига ўртача 200–300 дона бутлов қисмлар ишлаб чиқариб, ойига 4,5–6 миллион сўм атрофида даромад топади.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жаҳонгир Исақовнинг таъкидлашича, “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ёшлар маҳаллада касб-ҳунарга ўргатилади ва тайёр маҳсулотлар нафақат маҳаллий, балки қўшни ҳудудларга ҳам етказилади.
Самарали фаолият юритаётган тадбиркорлардан бири — Дилшод Холбоев раҳбарлигидаги “Мебелглаз – 2024” оилавий корхонасида ойна қайта ишланиб, ётоқхона мебеллари учун турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Хитойдан келтирилган 6 та замонавий дастгоҳда 20 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган.
[gallery-27685]
Шу билан бирга, “Оқшом матрацлари” оилавий корхонаси ҳам замонавий пружинали матрацларни ишлаб чиқариб, 10 нафар фуқарони банд қилган ва онлайн савдо хизматини йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқда.
Маҳаллада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлашда “маҳалла еттилиги” тизимли ишлар амалга оширмоқда. МФЙ ҳоким ёрдамчиси Ҳусниддин Ҳожиматовнинг маълум қилишича, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Масалан, Умиджон Адҳамовга 33 миллион сўм кредит ажратилиши натижасида 4 нафар аҳоли иш билан таъминланди.
Шу билан бирга, маҳаллада боғдорчилик ҳам ривожлантирилмоқда. “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида 15 нафар фуқарога узумчилик учун ер майдонлари ажратилди. Ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар учун уй-жойларни реконструкция қилиш ва томорқаларни ободонлаштириш ишлари ҳам амалга оширилди.
ЎзА фотомухбири
Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар.