Навоий шаҳридаги Чинор маҳалласида “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида Наврўз сайли ўтказилди.
Наврўз халқимизнинг қадимий тарихи, бой ва эзгу қадриятларини, она табиат ва одамлар руҳиятида юз берадиган яшариш, янгиланиш ҳамда юксалишларни асрлар давомида ўзида мужассамлаштирган миллий байрамимиз ҳисобланади. Тадбирда миллати, тили ва динидан қатъи назар ҳар бир ватандошимиз Наврўз байрамини ўзгача хурсандчилик билан нишонлаётганлиги таъкидлади.
[gallery-16519]
– Энг эзгу фазилатларни ўзида мужассамлаштирган, қадимий байрамимиз Наврўзи олам юртимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланмоқда, – дейди маҳалла раиси Суннатулла Бобоқулов. – Бизнинг маҳалламизда ҳам бу байрамга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Байрам олди ўтказилган умумхалқ ҳашарида маҳалла аҳли уюшқоқлик билан иштирок этиб, кўп қаватли уйлар атрофи, ариқлар турли чиқиндилардан тозаланди. Кам таъминланган, ўзгалар ёрдамига муҳтож якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам совғалари улашилди. Байрам тадбирида миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилиб, миллий таом – ош дамланди ва сумалак тайёрланди. Нуронийлар тўкин дастурхон атрофида эзгу тилаклар билдириб, юртимизга тинчлик, тотувлик тилашди. Наврўз сайлида маҳалла ёшлари ва спортга қизиқувчилар ўртасида турли спорт мусобақалари ташкил этилиб, ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда ижро этилган миллий куй, қўшиқ ва рақслар иштирокчиларга байрамона кайфият улашди. Байрам тадбирлари вилоятимиз бўйлаб давом этмоқда.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари