Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллада маданият маркази иш бошлади
15:00 / 2024-02-10

Давлатимиз раҳбари раислигида ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кутубхонаси ва тўгарак хоналари бўлган маданият маркази барпо этиш, ҳудудларда маданий тадбирлар ўтказиш ва ёшларни санъатга жалб қилиш масалалари кўрсатиб ўтилганди.

Мана шундай маданият даргоҳларидан бири бугун Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги олис ҳудуд Чароғил маҳалласида қад ростлади. Аввалги ҳолати абгор бўлган ушбу маскан бугун маҳалланинг энг диққатга сазовор жойларидан бирига айланди. Маданият даргоҳини таъмирлаш ишларига 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарф этилди. Бундан ташқари, ушбу марказни китоблар билан таъминлаш ва жиҳозлаш учун туман маҳаллий бюджетидан 280 миллион сўм маблағ жалб қилинди. 

Чароғил маҳалла фуқаролар йиғинида айни пайтда 3 минг 666 нафар аҳоли истиқомат қилади. Туман аҳолисининг ижтимоий-маънавий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг мароқли дам олишини ташкил этиш, ёш авлодни миллий ва жаҳон санъатининг нодир намуналаридан баҳраманд этиш ва маҳалла аҳлининг, хусусан ёшларнинг маданияти, маънавияти ҳамда маърифатини янада юксалтиришга хизмат қилувчи ушбу масканда тикувчилик, тўқувчилик, рассомчилик, мусиқа ва эстрада тўгараги, шахмат ва шашка, қандолатчилик, касаначилик, инглиз тили фанидан ўқув курси, IT курслари ва 2 минг 380 та бадиий ва илмий адабиётлар мавжуд кутубхона фаолияти йўлга қўйилган. 

[gallery-15905]

Аҳамиятлиси, ташкил этилган тўгаракларга 200 нафарга яқин ёш қатнашиши режалаштирилган. Ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ҳам дарсдан бўш вақтида марказга келиб, ўзлари хоҳлаган йўналишда маҳорат ошириши мумкин.

Маданият марказининг тантанали очилиш маросимида Қашқадарё вилоят ҳокими М.Азимов иштирок этди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари