Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллада “Истеъмолчилар маркази” ташкил этилади
18:20 / 2022-01-23

Бугунги кунда “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш халқ билан самарали ишлаш тизимига айланди.

Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш жараёнида уларни қийнаб келаётган муаммолар аниқланиб, ечими юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда ва қисқа муддатларда ижроси таъминланмоқда.

Жорий йилнинг дастлабки кунлариданоқ маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари томонидан амалий ишлар бошлаб юборилди. Белгиланганидек, улар тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида хонадонма-хонадон юриб, оилаларнинг аҳволини ўрганмоқда.

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов Навоий вилояти, Навбаҳор туманида бўлиб, “Сарбозор” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Жамшид Ҳамроев билан биргаликда маҳаллада аҳоли муаммо ва таклифларини ўрганди.

Ўрганишлар жараёнида ҳоким ёрдамчиси Ж.Ҳамроев Президентимизнинг 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “Давлат + фуқаролик жамияти институтлари + тадбиркорлик субъектлари” таъмойили асосида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг маҳаллабай тизимини жорий этишга қаратилган лойиҳа доирасида маҳаллада “Истеъмолчилар маркази”ни ташкил этиш ташаббусини билдирди.

“Истеъмолчилар маркази”да аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиш ва уларнинг аниқ ҳал этилишида давлат бошқаруви ва хўжалик бошқаруви органлари билан ижтимоий шериклик асосида ҳамкорликда ишлашнинг янгича тизими йўлга қўйилади. Бунда фуқароларнинг савдо, газ, электр ва сув таъминоти, коммунал хўжалиги, экология, қурилиш, кадастр, бандлик, ижтимоий хизматлар, соғлиқни сақлаш, таълим, хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа ва бошқа соҳалардаги мурожаатлари маҳаллабай кўриб чиқилишида ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши билан бир қаторда мавжуд муаммоларнинг жойида ҳал этилишига шароит яратилади.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан ҳар бир маҳалла кесимида “Истеъмол дафтари” шакллантирилади.

– “Истеъмолчи дафтари” – маҳалладаги мавжуд хонадонлар кесимида муаммоларни жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни жойида бартараф этилиши бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш мақсадида истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни белгиловчи ва тартибга солувчи ўзаро муносабатлар бўйича тузилган шартномаларнинг бажарилиш ҳолати ва натижадорлигини белгиловчи паспортдир, – дейди Ж.Саримсоқов.

Бугунги кунда Навбаҳор туманидаги мавжуд 41 та маҳаллада ҳоким ёрдамчилари иш олиб бормоқда.

– “Сарбозор” маҳалламизда 464 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 2442 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди ҳоким ёрдамчиси Жамшид Ҳамроев. – Ҳозирда аҳолининг 921 нафари ташкилот ва корхоналарда ишласа, 47 нафари турли йўналишларда тадбиркорлик билан шуғулланади. Шунингдек, ҳудудимизда мавсумий ишлар билан шуғулланувчилар, узоқ муддатга чет элда ишлаш учун кетган фуқароларимиз ҳам бор. Бу эса биздан оилалар ҳолатини реал ўрганиб, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, ишламайдиган фуқароларни доимий ишларга жалб қилиш бўйича масъулиятли бўлишимизни англатади.

Маҳалла ёрдамчисининг тегишли ташкилотлар ходимлари билан ҳамкорликда олиб борган ўрганишлари давомида 15 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, “Сарбозор” кўчасига 600 метр электр энергия линияси тортилган бўлса, “Истиқлол” кўчасининг 500 метри ҳашар йўли билан шағаллаштирилди.

– Ўрганишлар жараёнида маҳалла аҳолисидан таклифлар ҳам сўралиб, сўровномалар тўлдирилмоқда, – дейди Ж.Ҳамроев. – Сўровнома натижасига кўра 47 та хонадонда тикиш машинаси, 14 та хонадонда мотокультиватор, 31 та хонадонда пайвандлаш ускунаси борлиги аниқланди. Энди қиладиган ишимиз уларни бир жойга тўплаган ҳолда фаолият бошлашни режалаштираяпмиз. Шунингдек, янги инкубатор олиб келиб ўрнатдик. Шу асосда 100 нафарга яқин кишининг бандлигини таъминлаш ниятидамиз.

Маҳаллада кичик иссиқхона, чорва моллари учун гидропоника усулда озуқа ишлаб чиқариш, балиқчиликни ривожлантириш, “устоз-шогирд” анъанасини йўлга қўйган ҳолда ҳунармандчиликни йўлга қўйиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Олиб борилаётган ишларга қарамасдан маҳаллада ҳал қилиниши лозим бўлган муамолар ҳам мавжуд. Жумладан, “Истиқлол”, “Сарбозор”, Шароф Рашидов кўчарида истиқомат қилувчи аҳолини ичимлик суви билан, “Истиқлол” кўчасидаги газлаштирилмаган 20 та хонадонга табиий газ линияси ўтказиш, “Давриқўрғон-2” кўчасининг таъмирталаб ҳолга келиб қолган қисмини, шунингдек,  "Истиқлол” ва “Давриқўрғон” кўчаларини боғлаб турувчи ички йўлнинг 1,5 кмини таъмирлаш лозим.

Айни пайтда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.

Абдували Бўриев, ЎзА