Сўнгги йилларда юртимизда маҳалла институтининг ижтимоий ҳаётдаги роли янада мустаҳкамланмоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан жорий этилган янги тизим — маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари фаолияти ана шу жараённинг муҳим таркибий қисми бўлиб хизмат қилмоқда, дейиш мумкин.
Бу амалиётнинг асосий мақсади – аҳолининг муаммоларини жойида ҳал этиш, турмуш шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда камбағалликни қисқартиришдан иборат.
Ҳар бир шаҳар ё туманнинг ободлиги маҳалладан бошланади, деганларидек, бугун Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги “Гулистон” МФЙ ходимлари томонидан одамларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали аҳоли даромадини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, ишсиз фуқароларни бирор фаолият тури билан банд қилиш, шунингдек ҳар бир хонадонда тадбиркорлик муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Хусусан, хонадонлар кесимида талаб, таклиф ва эҳтиёждан келиб чиқиб, бизнес лойиҳалари таклиф қилинмоқда. Ёшларнинг тадбиркорликка илк қадам қўйишига кўмаклашилмоқда. Жумладан, мазкур маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Муродбек Қаршиев ташаббуси билан фуқаро Умида Нарзуллаевага кичик тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 66 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилишига амалий кўмак кўрсатилди. Натижада ушбу фуқаро маҳаллада сутни қайта ишлаб чиқариш цехини йўлга қўйди.
Энг муҳими, ушбу лойиҳа натижасида 5 нафар хотин-қиз ҳамда меҳнат миграциясидан қайтган бир киши доимий иш билан таъминланди.
Бундай лойиҳалар нафақат иш самарадорлигини оширади, балки давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган “Маҳаллани иқтисодий кучга айлантириш” ғоясининг ҳаётга кенг татбиқ этилаётганлигини яққол тасдиқлайди.
ЎзА