Ўзбек киноси тарихида ўзбекона самимият ва муҳитни ифодаловчи фильмлар бисёр. Шундай киноларни санайдиган бўлсак, тилимизга биринчилар қаторида келадиган ва дилимиздан ўрин олган фильмни айтмай бўлмайди. Бу – “Маҳаллада дув-дув гап”. Ундаги ҳар бир образнинг ўз характери билан эслар эканмиз, “Ўнта қўй нима бўларди”, “Душманларим куйсин дейман-да”, дея айтилган жумлалар қулоғимизга жойлашиб кайфиятимизга таъсир этаверади. Хўш, буни маҳорат билан етказа олган актриса ҳақида нималарни билишимиз лозим? Асосийси, бугун шундай роллари ва маҳорати билан қалбимиздан жой олган актриса Марям Ёқубованинг таваллуд кунида унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотларга эътибор қиламиз.
Марям Ёқубова 1909 йил 19 октябрь куни Бухорода таваллуд топган. 1924 йили Москвада Шарқ меҳнаткашлари университетида, сўнгра маърифат уйида ва кинорежиссёр Борис Чайковскийнинг киноактёрлик студиясида таҳсил олган. 1929-1932 йилларда Ишчи-сайёр театрида меҳнат фаолиятини бошлаб, спектаклларда асосий ролларни ижро этган.
1933-1939 йилларда Свердлов номидаги мусиқа театрида фаолият кўрсатиб, Рўзвон (К.Яшин, “Гулсара”), Меҳинбону (Хуршид, “Фарҳод ва Ширин”) образларини яратади. Марям Ёқубова 1939 йилда Муқимий номидаги театрга ишга ўтиб, то 1941 йилгача қизғин фаолият юритади. Хусусан, эпчил, хушчақчақ ва доно Майсара образи (“Майсаранинг иши” мусиқали комедияси) актрисани кенг жамоатчиликка яқиндан танитади ва катта шуҳрат келтирди.
1941 йилда Марям Ёқубова Ҳамза номидаги театр (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)га ишга таклиф этилади. Бу машҳур ижодий жамоадаги кўп йиллик фаолияти жараёнида актриса юзга яқин ролларни муваффақиятли ижро этган. Улар орасида А.Островскийнинг “Сепсиз қиз” асаридаги кучли ва ҳисоб-китоб асосида яшовчи, совуққон Огудалова-она, А.Чеховнинг “Айиқ” асаридаги бор куч-иродаси билан бахт-саодат сари талпинган, ҳазил-мутойибага уста Попова, “Ваня тоға”даги Войниская, Шекспирнинг “Хамлет” ва “Отелло” трагедияларидаги малика Гертруда, енгил табиатли Бянка ва Эмилия образлари улкан истеъдод ва маҳорат билан ижро этилган.
Николай Гоголнинг “Ревизор” комедиясидаги шаҳар ҳокимининг хотини, танноз ва енгил табиатли Анна Андреевна, А.Островскийнинг “Момақалдироқ” пьесасидаги ёқимсиз, ниҳоятда калтафаҳм Феклуша, Ҳамзанинг “Майсаранинг иши” комедиясидаги доно ва тадбиркор Майсара образлари ҳам кенг томошабинлар меҳрига сазовор бўлади ва матбуотда юксак баҳоланади.
Ёрқин, бўёқли ҳажвий роллари билан халқимиз кўнглидан жой олган М.Ёқубова тенги йўқ актрисалардан эди. 1954 йили М.Ёқубова М.Горький номидаги рус драма театрига ишга таклиф этилади. Узоқ йиллар ўзбек театрларида самарали фаолият кўрсатган актрисанинг рус театрида саҳнага чиқиши ва асосий ролларни ўйнаши ҳамда томошабинлар олқишига сазовор бўлиши ноёб ҳодисадир. Жумладан, Нозим Ҳикматнинг “Байрамнинг биринчи куни” спектаклидаги Ферхунде образи М.Ёқубованинг рус театри саҳнасида эришган жиддий ютуғи бўлди.
Актриса ижодида кино
Актриса ижодида кино санъати муҳим ўрин тутган. М.Ёқубова Ўзбекистонда биринчи бўлиб 20-йиллардаёқ кино соҳасида таълим олган профессионал ўзбек актрисасидир. У 1925 йилда илк бор “Ях уй” фильмида суратга тушиб, ташландиқ қиз ролини ижро этган.
30-йилларда режиссёр Пиотровскийнинг “Туғишганлар” фильмида журналист, “Трефхоним” фильмида йўл кўрсатувчи ролларини ижро этади. 1953 йилда режиссёр Латиф Файзиев, Александр Гинзбург билан ижодий ҳамкорликда “Бой ила хизматчи” спектаклини экранлаштиради. Актриса бу асарда Хонзода ролини ижро этади.
Бойнинг молу-мулкини қўлга киритишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, ушбу йўлда ҳар қандай тубанлик ва пасткашликдан ҳам қайтмайдиган Хонзода характеридаги қабиҳлик ва тубанликнинг моҳиятини актриса ҳам психологик, ҳам ижтимоий жиҳатдан асосли равишда аниқ кўрсата олган.
Шаддод аёл Ойпошша
Марям Ёқубова ҳар бир ролга катта масъулият билан жиддий ёндашган ва эсда қоларли образлар яратган. Хусусан, Шуҳрат Аббосовнинг “Маҳаллада дув-дув гап” кинокомедиясидаги Ойпошша образи, ўзига хос, ҳукмфармо, фарзанди бахти, хонадон обрўси учун жон-жаҳди билан курашадиган шаддод аёл.
Ойпошшани актриса шундай моҳирона ижро этганки, бу роль гўё М.Ёқубова учун ёзилгандек. Ойпошша образи ёқимлилиги, ҳазил, пичинг ва кесатиққа бойлиги билан ҳамон томошабинларни ўзига мафтун этмоқда. Кейинчалик М.Ёқубова “Тожикфильм” киностудиясида суратга олинган “Севадими, севмайдими?», “Оқ рояль” музикали комедияларида Замира ва Малоҳат образларини яратади. Шунингдек, у “Майсаранинг иши”, “Оловли йўллар” кўп серияли телевизион фильмларида, “Севги афсонаси”, “Қалбингда қуёш” каби бадиий фильмларда ҳам ажойиб образлар яратади.
Ўз ҳукмини ўтказишга уринган Ўзбекойим
Й.Аъзамов А.Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини экранлаштирар экан, асардаги бош роллардан бири – Ўзбекойим ролини Марям Ёқубовага топширади. Ўзбекойим – кучли ва тадбиркор, ўз ҳукмини ўтказишни яхши кўрадиган мураккаб характерли инсон. У ана шу ҳукмронликка эришиш йўлида ўғли Отабекни ва жамиятда катта мавқега эга бўлган эри Юсуфбек Ҳожини ҳам жуда усталик билан тобеқилмоқчи бўлади. У Кумуш ва Зайнабларга ўз фарзандига бўлгандек оналарча меҳрибонлик кўрсатади, улар ҳақида ўйлайди, уларга ғамхўрлик қилади. Лекин бу уринишлари, афсуски, содир бўлиши мумкин бўлган фожианинг олдини ололмайди. Чунки, Ўзбекойимнинг ўзи ҳам у яшайдиган ижтимоий муҳит ва даврнинг маҳсули ҳамда қурбони эди. Актриса истеъдодининг комедияга, ҳазил-мутойиба, пичинг ва ҳажвий бўёқларга мойиллиги унинг “Наштар” ҳажвий киножурналларида ижро этган кичик-кичик ролларида ҳам ўз тасдиғини топади. Бундай қисқа сюжетларда аниқ, ёрқин образлар яратиш талаб этилади. Актриса бу мураккаб ва масъулиятли вазифани ҳам яхши адо эта олган.
М.Ёқубова ижодида радио алоҳида ўрин тутади. У Ўзбекистон радиоси ташкил бўлган биринчи кунлардан бошлаб, то умрининг охиригача турли радиопостановкаларда, радиожурналларда ва бошқа эшиттиришларда фаол қатнашди. 70-йиллардан бошлаб М.Ёқубова радиода болалар учун эртаклар ўқиб, минглаб ёш радиотингловчиларнинг севимли санъаткорига, радио-энагасига айланди.
Болаларнинг ички дунёсини чуқур ҳис этган М.Ёқубова эртакларни шу даражада чуқур самимият ва хушчақчақлик билан ёқимли оҳангда ўқир эдики, радиотингловчилар унинг ноёб истеъдодига қойил қолган. Марям Ёқубованинг театр ва кино санъати равнақи йўлидаги хизматлари муносиб тақдирланган. 1955 йилда унга “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони берилган.
Марям Ёқубова 1987 йилда Тошкентда вафот этган.
Абдулазиз РУСТАМОВ
тайёрлади.
ЎзА